АҚШ, Британия, Франция ва Германия “Скрипаль иши” бўйича ягона позицияда
АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия етакчилари Россиянинг собиқ разведкачиси Сергей Скрипаль ва унинг қизининг Солсберида заҳарланишига “нафрат билан қарашади”. Бу ҳақда Германия канцлери матбуот котиби Штефан Зиберт томонидан твиттерда эълон қилинган қўшма баёнотда айтилган.
Баёнот муаллифлари Скрипалга қарши Россияда ишлаб чиқарилган жанговар заҳарли модданинг қўлланишини Иккинчи жаҳон уруши вақтларидан бери Европада бундай кимёвий модданинг илк бор қўлланиши деб ҳисобламоқдалар. “Бу Британия суверенитетига тажовуздир ва бир давлат томонидан бу хатти-ҳаракат кимёвий қуролни тақиқлаш конвенцияси ва халқаро ҳуқуқнинг тўғридан-тўғри бузилишидир. Бу барчанинг хавфсизлигига таҳдид солади”, деб айтилган баёнотда.
Буюк Британия ўз иттифоқдошларига ушбу ҳужум учун катта эҳтимоллик билан Россия жавобгарлигини айтган. “Биз Британиянинг ушбу ҳужум учун бошқа ҳақиқатга яқин тушунтириш йўқлиги ҳақидаги фикрига қўшиламиз. Россиянинг Британия ҳукуматининг қонуний мурожаатига жавоб бера олмаслиги унинг бу ҳужумга жавобгарлигини яна бир бор тасдиқлайди”, деб айтилган баёнотда. Шу муносабат билан АҚШ, Франция, Германия ва Буюк Британия “Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотидан Россиянинг “Новичок” дастурини тўлиқ ошкор қилишни” талаб қилдилар.
Тахминларга кўра, кимёвий заҳарловчи моддалар ишлаб чиқариш бўйича “Новичок” махфий дастури собиқ иттифоқда 1970-1980-йилларда мавжуд бўлган. Унинг доирасида ўша вақтда маълум бўлган заҳарлардан анча кучлироқ кимёвий қурол ишлаб чиқилган.
Бироқ ушбу дастур доирасида ишлаб чиқилган кимёвий моддаларнинг собиқ иттифоқ ва Россия арсеналида мавжудлигининг расмий тасдиғи йўқ. Дастур ҳақида асосан собиқ иттифоқда кимёвий қурол ишлаб чиқиш билан шуғулланган мутахассислардан бирининг ҳикояларидан маълум. Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти 2011 йилда ушбу дастур мавжудлигининг бундан бошқа исботлари йўқлигини маълум қилган.
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг таъкидлашича, Скрипалнинг заҳарланишида айнан шу дастур доирасида яратилган асаб-фалажловчи модда қўлланган.
Скрипаль Россияда жосусликда айбланиб, “жосусларни алмашиш” доирасида Буюк Британияга топширилган.
Мавзуга оид
19:21
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
18:15
Британия қиролининг Лондондаги қароргоҳи таъмирлаш ишлари туфайли уч йилга ёпилади
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:48