Озарбойжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида 2018 йилнинг 7-14 март кунлари “Муғом олами” анъанавий V Халқаро мақом фестивалида юртдошларимиз иштироки юқори баҳоланди.
Мазкур фестиваль 2009 йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиб келинади. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқдалар.
Бу йилги фестивалда ўзбекистонлик иштирокчилар – Илёс Арабов 1-ўрин (хонанда), Азамат Эргашев 3-ўрин (най), Отабек Акрамов 3-ўрин (дутор)ни қўлга киритилар.
Озарбойжонда Шарқ маданияти ва мусиқасига эътибор жуда катта. Ҳайдар Алиев номидаги Фонднинг асосий мақсадлари орасида Озарбойжонда миллий-маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, озарий маданиятини бутун дунёда тарғиб қилиш ҳам бор. Мана шу эзгу ишларни амалга ошириш мақсадида Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилган.
Маълумки, Озарбойжон муғоми (мақоми) 2008 йилда ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий мероси дурдонаси рўйхатига киритилган.
2005 йилда Ҳайдар Алиев Фонди президенти Меҳрибанхоним Алиева раҳбарлигида таниқли хонанда ва муғом билимдонлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбати иштирокчилари бир овоздан Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватладилар.
2005 йилнинг 24 августида Илҳом Алиев, рафиқаси Меҳрибонхоним Алиева ва ЮНЕСКОнинг ўша вақтдаги Бош директори Коиширо Мацура Муғом марказининг пойдеворига биринчи тош қўйиш тадбирида иштирок этди. 2006 йилнинг 6 апрель куни мамлакат президенти Илҳом Алиев Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилиши тўғрисидаги фармойишни имзолади. Халқаро Муғом маркази 2008 йилнинг 27 декабрь куни расман очилди.

Умумий майдони 7,5 минг квадрат метрни ташкил қилувчи марказ биноси шарқ мусиқа асбобларидан бири бўлмиш – торни эслатади. Уч қаватли бинода 350 томошабинга мўлжалланган концерт зали, клуб, овоз ёзиш студияси, репетициялар хонаси, 80 ўринли “Уд” ресторани бор. Бино Италия, Австрия, Франция ва Туркиядан олиб келинган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Халқаро Муғом марказида ёш ижрочилар мақомнинг нозик сирларини ўрганишади. Марказда таниқли хонандалар иштирокида концертлар, халқаро конференция ва фестиваллар ўтказилади. Халқаро Муғом марказида ташкил этилган музейга таниқли муғом ижрочиларининг бюстлари ўрнатилган.
Бугунги кунда Озарбойжон муғоми (мақоми) дунёга танилмоқда. 2009 йилдан бошлаб ҳар йили Халқаро Муғом марказида Меҳрибонхоним Алиева ташаббуси билан Ҳайдар Алиев жамғармаси кўмагида анъанавий Халқаро мақом фестивали ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган мақсад бутун дунёни мақом билан таништириш ҳамда шарқ мусиқаси анъаналарини сақлаб қолишдан иборат. Йилдан йилга бу фестивалда иштирок этувчилар сони ошиб бормоқда.
















