Суперлига ўйинларига бўлган эътибор, айниқса, ўйинларнинг тўлиқ ва жонли тарзда олиб берилиши матбуот воситалари учун ҳам қулайлик туғдиради албатта. Сайтимиз ҳам бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, навбати билан Суперлига клубларига назар ташлаб борамиз. Бу сафар эътиборимиз марказида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бўлди.

Суперлиганинг 3-турида Фарғонада «Нефтчи» «Бунёдкор»ни қабул қилди. Айнан ушбу учрашув «Нефтчи»нинг бугунги кундаги салоҳиятини намойиш этиб бериши керак эди. Нега айнан шу ўйин? Сабаби, 1-турда «Насаф»га қарши ўйин мавсумнинг очилиш ўйини бўлгани учун мезбон жамоа футболчилари қўшимча куч билан бир бош баланд сакраши тайин эди. Жиззахдаги ўйинда эса об-ҳаво шароити аниқ хулосалар чиқаришга тўсқинлик қилди. 

«Нефтчи» иштирокидаги ҳар икки ўйинда ҳам ҳисоб очилмаганди. Фарғоналиклар 2 турдан кейин ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб келган лигадаги ягона жамоа бўлса-да, ўз навбатида, гол ура олмаган уч жамоадан бири бўлиб туришганди. Яъни, бу ўйиннинг бир ижобий ва бири салбий сериялардан бирига чек қўйиши кутилаётганди.

«Бунёдкор» - тенгма-тенг ўйнаса бўладиган ёш жамоа. Таниқли номларни кўрмайсиз, аммо Миржалол Қосимов жуда умидли ва асосийси тактик жиҳатдан шаклланган жамоани тақдим этмоқда. Бу ўйинда «Нефтчи» нафақат маҳорат, тактик жиҳатдан ҳам рақибига имкониятни бой берди.

ТЎЛИҚ ШАКЛЛАНТИРИЛМАГАН УСЛУБ

Жамоанинг ўйин услубини асосан ҳужумдаги ҳаракатлари асосида ўрганиш мумкин. «Нефтчи» тўпга эгалик қилганда, ниманинг ҳисобига хавфли вазиятларни яратишга уринди? Мана шу саволга жавоб бериш орқали Баҳром Ҳайдаров ўз жамоасида кўришни истаётган қадриятларга баҳо бера оламиз.

«Нефтчи» аксарият ҳолларда тўпни юқорилатиб рақиб жарима майдони яқинига ёки қанотлардан тўпни олиб бориш орқали, кросслар амалга оширишга ҳаракат қилганини кузатиш мумкин. Ўйин давомида жамоа 27 маротаба кроссни амалга оширди ва бу «Бунёдкор»га нисбатан икки баробар кўпдир. Бундай ўйин услубини биз аксарият ҳолларда инглиз жамоаларида кўришимиз мумкин.

Аммо узун паслар орқали ўйиннинг муваффақиятли чиқиши учун яна бир омил бор - «иккинчи тўплар»га («подбор») эгалик қилиш. Яъни, бундай паслардан сўнг тўпни эгаллаш ва ҳужумнинг иккинчи фазасини бошлаш учун, албатта, «иккинчи тўплар»га ҳушёр бўлиш шарт. Акс ҳолда, ҳужум илк фазадаёқ якунига етади ва рақиб учун бундай ҳужумларни қайтариш қийинчилик туғдирмайди. Айниқса, иккинчи бўлимда «Нефтчи» футболчилари бироз чарчаб қолгач, «Бунёдкор»нинг вазифаси янада енгиллашди.

«Иккинчи тўп»га эгалик қилиш нафақат жисмоний тайёргарлик ёки индивидуал маҳорат, асосийси, футболчиларнинг жойлашишлари, маълум вазиятларда керакли зоналарни ёпишга уринишларидир. Эътибор беринг: