“Нефтчи” футбол клуби финландиялик ҳужумчи Маркус Форсс билан шартнома имзолаганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, 1999 йилда туғилган Форсс марказий ҳужумчи бўлиб, футболчилик фаолиятининг катта қисмини Англияда ўтказган.

13 ёшида “Вест Бромвич Албион” академиясига қўшилган футболчи “Брентфорд”, “Миддлсбро”, “Болтон Уондерерс” жамоаларида ўйнаган.

Маркус Форсс Финландия миллий жамоаси аъзоси ҳисобланади. 2020 йилда илк халқаро учрашувида Францияга қарши майдонга тушиб, дебютини гол билан нишонлаган. У миллий жамоа сафида ҳозирга қадар 21 та учрашувда 2 та гол қайд этган.

“Нефтчи” 14 сентябр куни Элит Осиё Чемпионлар лигаси доирасида Ироқнинг “Эйр Форс” клубини қабул қилади.