Жорий йилнинг баҳорида япониялик 29 ёшли чап қанот ҳимоячиси Итсуки Урата Тошкентнинг «Бунёдкор» клубини тарк этганди. Бунга клубда давом этаётган молиявий муаммолар асосий сабаб сифатида келтирилганди. Шундан сўнг, Урата «Славен Белупо» жамоаси билан 1 йиллик шартнома имзолади ва фаолиятини шу ерда давом эттиряпти.
Кейинчалик япониялик футболчи FIFA Низоларни ҳал қилиш палатасига ариза билан мурожаат қилган. Kun.uz ўрганган расмий ҳужжатларга кўра, 2026 йил 13 август куни мазкур меҳнат низоси бўйича якуний қарор қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ, «Бунёдкор» футболчига қуйидаги миқдордаги маблағларни тўлаб бериши мажбурий этиб белгиланди:
тўланмай қолган маош сифатида 45 минг доллар;
юқоридаги қарзнинг ҳар 15 минг доллари учун 2026 йилнинг 6 феврал, 6 март ва 27 март саналаридан бошлаб тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар йиллик 5 фоизлик устама;
шартномани бузганлик учун компенсация сифатида 283 минг 426 доллар жарима. Бунда ҳам тўлов тўлиқ тўлангунга қадар 2026 йил 27 мартдан бошлаб йиллик 5 фоиз устама.
Агар барча белгиланган суммалар ва устамалар қарор эълон қилингандан кейин 45 кун ичида тўлиқ тўланмаса, клубга нисбатан жиддий санкциялар қўлланилади. Хусусан, «Бунёдкор» тўлов тўлиқ амалга оширилмагунича миллий ва халқаро даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ушбу тақиқ кетма-кет учта тўлиқ трансфер ойнаси давомида амал қилади. Агар учта трансфер даври якунига қадар ҳам тўлов қилинмаса, иш FIFA Интизом қўмитасига оширилади.









