РБК, «Лента.ру», «Дождь» телеканали, «Эхо Россия» радиостанцияси, «Коммерсантъ», Znak.com, Republic ва RTVI журналистлар томонидан жинсий зўравонликда айбланган депутат Леонид Слуцкий этика бўйича қўмита томонидан айбсиз деб топилишига жавобан бойкот эълон қилди.

ЛДПР депутати Леонид Слуцкий
Фото: Дмитрий Духанин / Коммерсантъ

Биринчи бўлиб РБК парламентдан ўнлаб журналистларини (сайт, телеканал, газета ва журнал) чақириб олди, тез орада «Эхо Москва», «Коммерсантъ» ва «Лента.ру» Слуцкий ҳамда Давлат думаси билан ҳамкорликни тўхтатди, «Лента.ру» раҳбарияти сайтдан Слуцкий ҳақидаги барча материалларни (у жинсий зўравонликда айбланганидан ташқари) ўчириб ташланишини маълум қилди. 

Republic нашри эса бундан кейин ўз материалларида Давлат думаси ҳақида гап кетганида қавс ичида қуйидаги изоҳни қўшиб кетадиган бўлди: «РФнинг жинсий зўравонликни оқлайдиган давлат органи».

«Коммерсантъ» таҳририяти Дума комиссиясининг депутат Леонид Слуцкийга қарши айбловлар бўйича текширувдан кейин қабул қилган хулосасидан ҳайрон. Биз комиссияни адолатдан кўра жамоавий этикани устун кўрган деб биламиз. Умид қиламизки, бу тарихга шу ерда нуқта қўйилмайди. Лекин биз шу вақтгача ньюсмейкер сифатида биз билан ҳамкорлик қилиб келган Слуцкий билан муносабатларга нуқта қўямиз», дейилган «Коммерсантъ» баёнотида.

RTVI телеканали бош муҳаррири Алексей Пивоваров шундай деди: «RTVI раҳбарияти журналистларни думадан қайтариб олиш бўйича таҳририят билан ҳамжиҳат. Жаноб Слуцкий ўз постида қолар экан, биз бу давлат органи билан ҳамкорлик қилмаймиз».

«Эхо Москва» радиоси бош муҳаррири Алексей Венедиктов «Давлат думаси энди журналистлар учун хавфсиз жой эмаслиги»ни айтиб, «Этика комиссияси қароридан жуда хафалиги»ни айтди ва дума спикери Вячеслав Володин тавсия қилганидек, журналистларни ортга қайтарди.

7 март куни Володин журналистларга шундай деганди: «Сизлар учун думада ишлаш хавфлими? Унда касбингизни ўзгартиринг».

Znak.com нашри ҳам ўз журналистларини думага юбормаслиги ва Леонид Слуцкий ҳақида бошқа ёзмаслигини билдирган.

Март ойи бошида Слуцкий RTVI бош муҳаррири ўринбосари Екатерина Котрикадзе, «Дождь» продюсери Дарья Жук ва «Русской службы Би-би-си» мухбири Фарида Рустамова томонидан жинсий зўравонликда айбланганди. Рустамованинг сўзларига кўра, унда Слуцкий билан суҳбат аудиоси мавжуд, унда депутат журналистга уятсиз сўзлар билан маъшуқаси бўлишни таклиф қилгани акс этган.