25 март куни Россиянинг Кемерово шаҳрида жойлашган «Зимняя вишня» савдо марказида йирик ёнғин юз берди.

Ёнғин талафотлари соат сайин ўсиб бормоқда. Айни вақтга келиб, қурбонлар сони камида 56 нафарга етган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган, шифохонага олиб борилган 84 кишидан 12 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Қурбонларнинг аксари ёш болалар бўлди. Уларнинг аксари ис газидан бўғилиб жон берган.

Ҳодиса оқибатида нафақат одамлар, балки жониворлар ҳам офат қурбони бўлди: савдо марказининг учинчи қаватидаги кичик ҳайвонот боғида 200га яқин жонивор сақланган.

Ёнғин 1,5 минг кв метр майдонни қамраб олди. Ҳодиса жойида 300 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи, 60дан ортиқ техника иш олиб борди, айни пайтда ёнғин чиққан тўртинчи қаватда ёнғин ўчирилиб, қидирув-қутқарув ишлари бошланган.

Фожиа вақтида вилоят губернатори Аман Тулеевнинг яқин қариндоши — ёш қизча ҳам ҳалок бўлди.

Ёнғин қурбонларининг оилаларига 1 миллион рублдан товон пули берилишини маълум қилар экан, губернатор ҳодиса юзасидан шахсан ўзи ҳам қайғуда эканлигини айтди. 

«Афсуски, яқин қариндошим, ёш қизча ҳам ҳалок бўлди», — деди у.

Қурбонларнинг оилалари билан психологлар, ижтимоий ишчилар ва шифокорлар ишламоқда.

Ҳаёт учун кураш

Фото: ТАСС

Гувоҳларнинг қайд этишича, ёнғин бошланганида бинодан одамларни эвакуация қилиш жуда ёмон ташкил этилган, хусусан, сигнализация ишламаган, комплекс ходимлари бу вазиятда қандай ҳаракат қилишни билишмаган.

Ёнғин бошлангач, учинчи ва тўртинчи қаватлардаги кинозаллар қулаб тушган ва ичкаридагиларнинг чиқиб кетиши имконсиз ишга айланган. Жасадларнинг аксар қисми кинозаллардан топилган — болалар ва ўсмирлар, улар ёнғин залга ёпирилиб, зални қийноқхонага айлантиргунича хушчақчақлик билан мультфильмлар ва фильмлар томоша қилиб ўтиришганди. Бу «Оловли камера» тутунига 3 дақиқадан ортиқ дош бериб бўлмасди. Савдо марказига катталарсиз келган болалар бу вазиятда умуман иложсиз қолишган ва осонгина нобуд бўлишган.

«Бу шунчаки даҳшат... Одатдаги дам олиш куни эди. «Зимняя вишня» савдо маркази лиқ тўлган. Сигнализация ишламади. Кинозалдан отилиб чиққанимизда, биз йўлак қалин тутунга тўлганини кўрдик, тутун болалар ўйин майдончалари жойлашган ҳудуддан ва иккинчи кинозал томондан бостириб келарди — у томон умуман кўринмасди. Зўрға нафас олардик», — деди бино ичидан омон чиққанлардан бири Анна Заречнева.