Евроосиё ва Россия бўйича америкалик эксперт Стивен Фредерик Старр Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар ҳамда Ўзбекистон президентининг тинчликпарвар ташаббуси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. UzReport'да америкалик таҳлилчи билан шу мавзудаги қизиқ интервью тақдим этилди.

Эксперт Афғонистондаги муаммолар фавқулодда оғир эканини тан олиш кераклигини қайд этди. "Бироқ фақат деразадан қараган билан иш битмайди, бу хавфли ва муваффақиятсиз. Олдинга қараш керак. Менинг фикримча, президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси - Жанубга мурожаат - бугунги жаҳон саҳнидаги энг асосий қадамлардан биридир", - дейди у  ва нима учун шундай эканига изоҳ беради.

1. Сув. Сизнинг минтақангизда сув жуда муҳим аҳамиятга эга. Афғонистон ҳам сувга доир барча муҳокамаларда иштирок этиши зарур.

2. Транспорт. Янги темир йўл йўналишингиз Афғонистон ҳукумати учун жуда муҳим, албатта.

Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнай олади.  Мозори Шарифни олайлик. Бугун бу жуда жонли шаҳар. Шаҳар бошқа мамлакатлар пойтахтлари билан тўғридан-тўғри алоқада. Бу мўъжиза. У ерда сизларни ўзига биродар ҳисобловчи истеъдодли ишбилармонлар бор. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун катта йўналишдир.

Мен Қозоғистонда жуда кўп афғонларнинг таълим олаётганини завқ билан кузатаман. Қирғизлар ҳали бу йўналишда ўз имкониятларини излашмоқда. Туркманларнинг улкан лойиҳаси ҳам муайян вақт ичида амалга ошади, яъни шу кунгача минтақадаги ҳар бир мамлакат "бир қўшиқни алоҳида куйлаган". Энди эса Ўзбекистоннинг ташаббуси билан "бу қўшиқни ҳар бирингиз алоҳида эмас, минтақа билан жўр бўлиб куйлаяпсиз". Бу катта "плюс"!

- Тез орада Тошкент Афғонистон муаммолари бўйича муҳокамалар майдони сифатида иштирок этади. Ўзбекистон президентининг ушбу ташаббусини қандай баҳолайсиз?

- Ижобий! Бу ҳамма учун фойдали. Бу ташаббус ижобий ва эҳтимол, амалий қадамларга олиб келиши шубҳасиз. Энг асосийси, бу коференцияни Марказий Осиёнинг ўзи тўплади. Ташаббус айнан сизнинг президентингиздан чиқиши фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Бу "Биз минтақавий муаммоларни ўзимиз ҳал қила оламиз", деган мазмундаги ташаббус. Катта ҳукуматларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Марказий Осиё ўз юзи, ўзининг истеъдодли кишилари, ўз тарихи ва қизиқишларига эга. Буларнинг бари ана шу конференцияда ўз аксини топишига ишонаман. Мен бу лойиҳага чуқур ҳурмат билан қарайман. Бу фақат Афғонистон учун эмас, бутун Марказий Осиё учун ҳам жуда зарур лойиҳа.