Жаҳон | 16:50 / 26.03.2018
28348
2 дақиқада ўқилади

Кемероводаги ёнғин бошланган дақиқа видеолари пайдо бўлди

Интернетда 25 март куни Россиянинг Кемерово шаҳридаги «Зимняя вишня» савдо марказида рўй берган ёнғиннинг илк дақиқаларига оид видео пайдо бўлди.

Кузатув камераси орқали олинган тасвирда йўлакка заллардан бирининг ичидан қуюқ тутун ва олов ёпирилиб келишини кўриш мумкин. Тасвир олов жуда тез тарқалганини исботлайди.

Савдо марказидаги ёнғин Москва вақти билан 25 март куни 14:00да бошланган. Ушбу ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони айни вақтга келиб 64 нафарни ташкил қилмоқда, уларнинг аксари болалардир. Шунингдек, ўнлаб кишилар ҳамон бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Қутқарувчилар бино ичидаги харобалар орасидан ҳозирча 58 жасадни олиб чиқишди, уларнинг 17 нафарининг шахси аниқланган.

Ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг эҳтиётсизлик натижасида ўлимга сабабчи бўлиш, икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг ўлимини келтириб чиқарган ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

«Интерфакс» хабарига кўра, ҳодиса юзасидан камида 10 киши қўлга олинган: амалдорлар ва тадбиркорлар.

Мавзуга оид