Юртимизда ижтимоий иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган кенг қамроқли ислоҳотларнинг бош мақсади — халқнинг фаровонлигини ошириш, жойларда иш ўринларини кўпайтириш, қишлоқ ёшларини фойдали меҳнатга жалб этиш бўлиб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман», деган пурмаъно сўзлари барчага ишонч ва умид бахш этди.

Самарқанд вилояти, Нуробод туманининг Нурбулоқ шаҳарчасида истиқомат қилаётган якка тартибдаги тадбиркор Суннат Шомуродов ҳам айни пайда шаҳарчада турли дўконлар, сартарошхона, қассобхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси ташкил этиб, эл оғирини енгил қилиб келаётган маҳаллий ишбилармонлардан. У бизга ўзини қийнаётган муаммо билан мурожаат қилди ва биз воқеани ўз жойида ўрганиш учун Нурбулоқ шаҳарчасига йўл олдик.

58 ёшли тадбиркор Суннат Шомуродовнинг эндиги мақсади — ўзи қуриб ишлатаётган корхоналарнинг орқа қисмида қандолат цехи ва меҳмонхона қуриб, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришдан иборат эди.

Шу мақсадда у 2012 йилда 27 декабрда «ЎзАэроНавигация» марказининг ташландиқ бўлиб ётган ер майдонидан 2 сотих ерни Нуробод туман ҳокимининг 566-сонли қарори билан расмийлаштириб олади. Шундан сўнг тегишли ташкилотлар режани ўлчаб чизиб, қозиқ қоқиб беришади. Иншоотнинг архитектура-лойиҳа топшириғи ва бошқа ҳужжатлар тайёрланди. Тегишли идораларнинг барчасидан рухсат олинган. Чизмалар остида ўша пайтда фаолият кўрсатиб турган «Ўзаэронавгиация» марказининг эътирози йўқлиги ҳақидаги имзоси ва муҳри ҳам турибди.

2016 йилда туман ҳокимининг ушбу ер майдонига эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги қарори ҳам чиқади.

Бироқ, маълум бўладики «ЎзАэроНавигация» маркази тугатилгач, унга тегишли ер жойлар туман захирасига олинган ва 2015 йил ноябрь ойида ер майдони тўлиқ шаҳарчада истиқомат қилувчи бошқа бир якка тартибдаги тадбиркор Зоҳид Болиевга туман ҳокимининг 631-сонли қарори билан расмийлаштириб берилади.