Телефонни ўзингиз билан бирга олиб юрсангиз, сизнинг жойлашув манзилингиз ҳар бир метригича маълум бўлади. Сиз кимга овоз беришга қарор қилганингиз, қанча пул топишингиз, нечта фарзандингиз борлиги ва севимли машғулотингиз қандай экани-чи? Буларнинг бари Facebook ва Google'да бор. Сиз ўз маълумотларингизни ахборот бизнеси "акулалари"га ўз қўлларингиз билан топшираётганингизни билиш вақти келди ва умуман бу вазиятни ўзгартириш мумкинмикан? Trendymen нашри шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Реклама профили

Google олинган маълумотлар асосида ҳар бир фойдаланувчи учун персонал реклама профилини яратади. Жойлашув, жинс, ёш, севимли машғулоти, карьера, қизиқишлар, муносабатлар босқичи, тахминий вазн ("Уч кунда 10 кг йўқотишни хоҳлайсизми?" қабилидаги рекламалар илдизи шунга бориб тақалади), ҳатто даромад даражаси ҳам аҳамиятга молик.

Фото: Trendymen

YouTube'даги роликлар

YouTube'даги роликлар тарихингиз ҳам эътибордан четда қолмайди. Фойдаланувчининг қизиқишларига қараб инсонни тушуниш осон: у консерваторми ёки йўқ, депрессиядами ёки аксинча ва ҳоказо. Бундай маълумотларни ким ҳам кўриши мумкин дейсизми? Ўша биз яхши билган Google-да!

Фото: Trendymen

Маълумотлар ҳажми

Таҳдид ҳаддан ташқари бўрттирилган дейсизми? Яхши, унда ўзингиз текшириб кўринг. Google ҳеч нимани яширмайди ва фойдаланувчига компанияда мавжуд барча маълумотларни юклаш имконини беради. Масалан, Trendymen таҳририяти муҳаррирининг архиви 3 Гб жой олди. Бу эса жуда катта  ҳажмдаги маълумотлар дегани!

Фото: Trendymen

Google Drive

Энг зўри Google Drive'да яширин. Сервис, шубҳасиз, фойдали ва қулай, ундан кўпчилик фойдаланади. Резюме, ойлик бюджет ҳисоб-китоби ва бошқа фойдали маълумотларни ҳам шу ерда сақлаш мумкин. Албатта, агар Google мутахассислари улардан фойдаланишларига қарши бўлмасангиз. Махфийлик? Қандай махфийлик ҳақида гап бўлиши мумкин?