Қирғизистоннинг Олой туманидаги Саритош яйлови Ўзбекистонга ижарага берилгани тўғрисида ОАВда тарқалган маълумотлар ҳақиқатга мос эмас. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги ваколатли ваколатхонаси матбуот котиби Жумамиддин Сулаймонқулов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 29 март куни Фарғонада бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари раҳбарлари кенгаши биринчи йиғилишида ўзбек томони яйловлардан ижара асосида фойдаланишни тиклаш таклифини берди. Бу СССР даврида ҳам рўй берганди.

«Қирғизистон томони бу масала кейинчалик кўриб чиқилиши ҳақида жавоб берди. Яйловларни берганлик ҳақидаги маълумот ҳақиқатга мос келмайди», - дея айтиб ўтди Сулаймонқулов.

эслатиб ўтамиз, 29 март куни Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараолди вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Қирғизистон ҳукумати унинг якунлари бўйича томонлар «деярли барча масалалар бўйича келишиб олганини» хабар берди. Музокараларнинг тафсилотлари ҳақида маълумот берилмади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг Боткен, Ўш ва Жалолобод вилоятлари ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ўзаро чегарадош ҳисобланади.

2017 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон 1378 километрлик чегарадан 1170 километри ёки 85 фоизи борасида келишиб олди. Ўшанда қолган 208 километр 2017 йил охиригача мувофиқлаштириб олиниши маълум қилинганди, аммо делимитация ва демаркация бўйича ишлар ҳамон якунига етгани йўқ.