Жаҳон | 08:04 / 03.04.2018
40581
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон шахмати майдонида: АҚШ янги таҳдидни кўряптими?

Фото: Michael Reynolds, EPA-EFE

Ўтган ёзда Жон Болтонга кўпчилик қанотлари қайрилган, оёқларига тушов тушган лочин каби қарарди. АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси, Ироқ кампаниясининг ашаддий хайрихоҳи сифатида танилган америкалик мутахассис, бироз олдин президент Дональд Трампга махсус тайёрланган маълумотларни етказа олмаганидан нолиб юрганди. Унинг айтишича, Болтон собиқ президент Барак Обама даврида амалга ошмаган «Эрон ядрони бойитиш дастури бўйича келишувларни барбод этиш» лойиҳасини амалдаги давлат раҳбарига топширмоқчи эди. Энди бунга ҳожат йўқ: у 9 апрелдан бошлаб АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида иш бошлайди. Яъни Эрон бўйича эришилган келишувлар бекор бўлиши Яқин Шарқ, Эрон ва унинг иттифоқчилари, ҳатто АҚШ учун ҳам реал ҳақиқатга айланмоқда.

Жаноб Трамп узоқ вақтдан буён «Умумий қўшма тадбирлар режаси» (JCPOA) номи билан аталган келишувдан нафратланиши очиқ баён қилади. Шунга қарамай, 120 кун давомида ҳар куни президент киритилган санкцияларни мажбуран қолдириш учун имзо чекди, шунинг учун ҳам айрим америкаликлар Эрон ядро дастури бўйича келишувдан воз кечиш ички сиёсатда ҳам катта бурилиш ясаб юборишини яхши англайди. 

Дональд Трамп жорий йилнинг биринчи ойида Эрон бўйича келишувнинг энг муҳим бандлари бўйича келишмаслигини маълум қилганди. Аммо АҚШ ташқи сиёсатини шакллантирувчи маҳкамалар раҳбарлари давлат раҳбарига ўз қарорига боришга кўндирганди, яъни Европадаги иттифоқчилари билан ҳамнафас бўлиб, Эроннинг ядро дастурини жим келишув асосида якунланишини таъминлаши керак эди.

Европа давлатлари дастурни қўллаб-қувватларкан, бир вақтнинг ўзида баллистик ракета яратишга бўлган ҳар қандай уриниш жазосиз қолмаслигини уқтириб келади. Шунингдек, ядровий жараёнларни кузатувчи халқаро инспекторларни мамлакатда ҳаракатланиши учун кенг шарт-шароит яратилишини талаб қилишади.

Ҳар қандай ён босиш ҳолатида АҚШ етакчиси француз ва инглиз сиёсатчиларини айблайди. Дональд Трампнинг фикрича, Франция ва Буюк Британия Эрон билан савдо қилишдан манфаатдор, шунинг учун ядрони бойитиш бўйича дастурни ҳам қўлламоқда. 13 март куни Майк Помпеога ўрнини бўшатиб берган собиқ давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳам Эрон ядро дастурини шубҳага олиб, фақат ҳарбий салоҳиятни ошириш билан уни жиловлаш мумкинлигини айтганди.

Янги таҳдид фақат Яқин Шарқда эмас, Шимолий Кореяда ҳам мавжуд эди. Аммо иқтисодий санкциялардан тинкаси қуриган Ким муроса йўлини танлашни маъқулламоқда. Эрон ҳолатида эса Европа форсларнинг ортида турган Хитой ва Россияга бир пайтда ён босмоқда. Бу гал АҚШнинг иқтисодий санкциялари (агар у киритилса) Европанинг йирик иқтисодиётларига жиддий зарба бериши лозим.

АҚШ вазиятга бепарво бўлиши ҳам мумкин, минтақада Исроил омилини ҳисобга олинмаса, Эроннинг ядрони бойитиши тўғридан-тўғри таҳдидни келтириб чиқармайди, балки кучлар мувозанатининг ўзгаришига сабабчи бўлади. Мана шу ўзгариш ҳам АҚШнинг ташқи сиёсатида пайдо бўлган таҳдид сифатида кўрилиши мумкин.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид