Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Амир Темур дунёга келган Хўжа илғор қишлоғида соҳибқироннинг ёшлик йилларига бағишланган музей экспозициясини ташкил этишга доир лойиҳасини тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бу борада KUN.UZ'га қуйидагиларни маълум қилди:

"Президентимиз Қашқадарёга ташриф буюрганларида Амир Темур туғилган қишлоқни туризм масканига айлантиришга доир тақдимот ўтказган эдик. Шу йўналишда қатор таклифлар киритилганди. Халқаро тажрибаларда ҳам шундай лойиҳалар кўплаб амалга оширилганини кўриш мумкин. Шунга мувофиқ соҳибқирон туғилган Хўжа илғор қишлоғида унинг ёшлик йилларига бағишланган ёдгорлик ўрнатиш, атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш ва туристик масканга айлантириш ғояси берилди. Ушбу таклифлар юртбошимиз томонидан маъқулланди. Бундан ташқари, бошқа қатор лойиҳалар ҳам йўлга қўйилмоқда. Масалан, 9 апрель, яъни Амир Темур туғилган куни Халқаро Пресс-клуб билан биргаликда Хўжа илғор қишлоғидан тўғридан-тўғри эфир олиб борилади ва кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилади".

Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, музей биноси ўзбек халқининг анъанавий уй-жой меъморчилиги сифатида қурилиб, ҳовлисида турли хил мевали ва манзарали дарахтлар экилади, катта ишком яратилади. Ишком остида чорпоялар ва ўриндиқлар қўйилади. Ҳовли ҳақиқий ўзбек хонадонини акс эттиради.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Хўжа илғор қишлоғидаги Амир Темур музейи уч залдан иборат бўлади.

  1. Ўрта асрлардаги анъанавий ўзбек уйи



    Хона уй жиҳозлари, бешик жиҳозлари, гиламлар, чақалоқ туғилганида ишлатиладиган “чилла идишлари”, танча, рўзғор идишлари, турли хил сопол ва мис идишлар, бахмал ва адрасдан тикилган кўрпа ҳамда кўрпачалар, осмон жисмлари акс этган сўзана ва кашталар қўйилади. Ўрта асрларга оид араб алифбоси - ҳафтаяк, сиёҳдон, дафтар-китоб учун халта, лавҳлар, китоб жавони, турли хил ҳажмдаги сандиқ ва сандиқчалар билан жиҳозланади. Шунингдек унда Темурбекнинг туғилиши мазмуни акс этган рассомларнинг асарлари намойиш этилади. Картиналар Қашқадарё вилояти музейлари фонди ва Бадиий Академия фондидан келтирилади. Бундан ташқари, залда соҳибқироннинг ота-онасига оид маълумотлар ҳам ўрин олади.