2018 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янги инвестицион ва инновацион ғояларни топиш ва амалга ошириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортини молиялаштириш масалалари бўйича белгиланган чора тадбирлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари хамда Ўзмиллийбанкнинг мутассадди ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзмиллийбанк матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзмиллийбанк тизимидаги филиаллар томонидан 2017 йилда жойларда кичик бизнес субъектлари томонидан интенсив кўчатлар етиштириш, интенсив боғлар яратиш, мева ва сабзавотлар етиштириш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва музлатгичли омборхона ташкил этиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини ошириш, клиникаларни замонавий жарроҳлик ва диагностик медицина асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан тўлдириш, маҳаллий хом ашё базасини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи дори-дармонлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида тайёрланган 265 та лойиҳаларни молиялаштириш учун 3,1 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Жумладан, Сурхондарё вилоятида 23 та лойиҳа 556 млрд. сўмга, Самарқанд вилоятида 18 та лойиҳа 404 млрд. сўмга, Андижон вилоятида 29 та лойиҳа 263 млрд. сўмга, Навоий вилоятида 10 та лойиҳа 258 млрд. сўмга ва Тошкент шаҳрида 31 та лойиҳа 315,0 млрд. сўмга молиялаштирилди.

Шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларига асосан 46 600 та янги ишчи ўринларини яратиш режалаштирилган 2 870 та лойиҳаларни молиялаштириш учун банкнинг 5,6 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилади. Жумладан, саноат соҳасидаги 466 та лойиҳаларга 3,9 трлн. сўм; хизмат кўрсатиш соҳасидаги 836 та лойиҳага 622,0 млрд. сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасида 1 571 та лойиҳага 1,1 трлн. сўм банк кредитлари ажратилади.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини барпо этишга 868,0 млрд. сўм ва замонавий иссиқхоналар ташкил қилишга 262,0 млрд. сўм узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағлари ажратилади.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан жаҳон тажрибаларини ўрганиш, сифатли экспортбоп ва импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янги инновацион ғояларни амалга ошириш учун инвестициялар ажратилмоқда.

Жорий йилнинг 23 мартида президент томонидан имзоланган “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли Қарори ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига янада қулайлик яратиш, банк хизматлари тезкорлигини таъминлаш ҳамда банк тизимига бўлган ишончни янада ошириш мақсадида қабул қилинган навбатдаги қарор бўлди.