Фан-техника | 14:56 / 07.04.2018
4889
1 дақиқада ўқилади

Цукерберг Facebook’даги ҳимоя бўйича иккита янги чорани маълум қилди

Фото: Dado Ruvic/Reuters

Facebook компанияси раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида янги чоралар ҳақида хабар берди. Улар ижтимоий тармоқ раҳбарияти томонидан «ижобий дискурс яратиш» ва қатор давлатларда режалаштирилаётган сайловларга эҳтимолий аралашув ҳаракатларининг олдини олиш мақсадида жорий этилиши кутилмоқда.

«Биринчидан, бугунги кундан сиёсий ёки жамоатчиликка аҳамиятли бўлган мавзуда реклама жойлаштиришни хоҳлаган ҳар бир реклама берувчи ўз шахсини тасдиқлаши керак», - дея ёзди Цукерберг.

Текширувдан ўтишдан бош тортганларга шундай мавзуларда реклама жойлаштиришга рад жавоби берилади, уларнинг ўзи эса рекламага буюртма берганлар ҳақида маълумотни эълон қилиши лозим.

«Иккинчидан, биз оммабоп саҳифалар эгаларидан ҳам текширувдан ўтишни сўраймиз», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Маълумотларга кўра, бундай чоралар саҳифаларни сохта аккаунтлар орқали бошқаришга имкон бермайди, шунингдек, ёлғон хабар тарқалишининг олдини олади.

Мавзуга оид