Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги «Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 272-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳуқуқий ахборот каналининг шарҳига кўра, қарор билан «Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.
Низомга мувофиқ:
- «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тизимидаги киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталари нархи Агентлик томонидан, бошқа киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталарининг нархи ушбу ташкилотларнинг ўзлари томонидан мустақил белгиланади;
- киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеанс бошланишидан камида 30 дақиқа аввал белгиланган киносеансга чипталар савдосини бошлаши шарт.
- кинозалга кириш сеансдан камида 15 дақиқа олдин бошланади;
- етти ёшгача бўлган болалар вояга етган кузатувчи ҳамроҳлигида, болалар учун белгиланган нархларда кириш чиптаси билан кинозалга киритилади;
- репертуарда режалаштирилган фильм киносеанс учун кинозалга йиғилган томошабинларнинг сонидан қатъи назар, чипта сотилган бўлса намойиш қилиниши шарт;
- киносеанс вақтида видеокамера, телефон, планшет ва бошқа рақамли электрон жиҳозлардан фойдаланиш, намойиш этилаётган фильмни видео-фото тасвирга олиш, баланд овозда гаплашиш ва бошқа томошабинларга халақит бериш тақиқланади;
- киновидео-томоша ташкилотлари кинофильмларни сифатли намойиш қилиш, томошабинларга сифатли хизмат кўрсатиш, ҳожатхона, она ва бола хонаси, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш воситаларидан бепул фойдаланишга имконият яратиб берилиши шарт.
















