4.04.2018 йилдаги ЎРҚ–470-сон Қонун билан Жиноят-процессуал кодексда (ЖПК) далилларнинг мақбул эмаслигини ҳуқуқий тартибга солишга янгича ёндашув жорий этилди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
 
ЖПК янги 95-1-модда билан тўлдирилди. Унда далилларнинг мақбул эмаслиги тўғрисидаги амалиётда мавжуд айрим қоидалар қонуний жиҳатдан белгиланди. Энди қонунда белгиланганидек, агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ЖПК талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.
 
Бундай ҳолатлар рўйхати ҳам келтирилди, у батафсил эмас. Қуйидаги усулда олинган фактик маълумотлар далил бўла олмайди:

1) жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда;
 2) уларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан;
 3) гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда;
 4) жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарилиши натижасида;
 5) номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
 6) жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан.

Охирги банд инқилобий янгилик бўлди. Бунгача бошқа фактик маълумотлар билан тасдиқланмаган кўрсатувлар ишончсиз ёки етарсиз кўрсатувлар сифатида рад этилиши мумкин эди, бироқ уларга мақбул деб топилмайдиган (қонунга хилоф) кўрсатувлар сифатида қаралмас эди. Тегишинча, суд ўзининг ички ишончи бўйича шахснинг айбдорлиги кўрсатувларнинг ўзи билан белгиланганлиги хусусида бир қарорга келса, айблов ҳукми чиқарилиши мумкин эди.

Шартли мисол: Аёл фараз қилинган ҳодиса юз бергандан кейин бир неча ой ўтгач зўрлангани тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди. Табиий сабабларга кўра ашёвий ва бошқа далилларни топишнинг имкони бўлмайди (тан жароҳатлари вақт ўтиши билан битади, биологик ва бошқа излар йўқолади ёхуд яроқсиз ҳолга келади ва ҳ.к.). Суд ўзининг ички ишончи бўйича жабрланган аёл ҳақиқатни гапиряпти деган қарорга келса, назарий жиҳатдан айблов ҳукми чиқарилиши мумкин эди.