Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита топшириғи асосида мамлакатда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиётлардан ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга ошира бошланди.
Ўтган йилдан эътиборан академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди.

Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.
Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда янгийўллик 13 ёшли бемор Умиджон Абдумаджидовга 35 ёшли отаси Илғор Абдуқаюмов донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилди.

Kun.uz Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати кўмагида мазкур мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарган профессор Меҳмет Ҳаберал билан эксклюзив интервью уюштирди

Профессор кейинги вақтларда туркий халқлар ўртасида яхши муносабатлар қайтганини мамнуният билан эътироф этган.
«Раҳматли Ҳайдар Алиевнинг бир гапи бор эди. «Бир миллат, икки давлат». Ҳолбуки энди «Бир миллат, етти давлат» деса бўладиган ҳолга келдик. Чунки, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбойжон... бари Туркия билан бирга бир бутун бўлдик. Бу ерга иккинчи марта келганимдан жуда хурсандман. Мени бу ерга таклиф қилган қадрли қардошим Абдуҳакимга ва унинг дўстларига миннатдорчилигимни билдираман.Туркий улуслар баъзан қийинчиликлар давридан ўтиб келди. Бугун бизнинг вазифамиз давлатларимизнинг янада юксалиши учун ҳиссамизни қўшишдир», деди у.
У кейинроқ хотиржам келиб, Самарқандга, Бухорога бориш, Ибн Сино туғилган жойларни кўриш орзуси ҳақида гапириб, келгусида ўзбеклар билан таржимонсиз ҳам мулоқот қила олишига умид билдирган.







