Ўзбекистон | 00:05 / 11.04.2018
8272
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризмни ривожлантиришга доир битим имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва TÜRSAB (Туркия саёҳат агентликлари ассоциацияси) ўртасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида "Туризмни ривожлантириш тўғрисидаги битим" имзоланди. Мазкур ҳужжат 10 апрель куни TÜRSAB штаб-квартирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва TÜRSAB раиси Фируз Бағликая томонидан имзоланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари KUN.UZ'га шу ҳақида хабар беришди. 

Фото: tursab.org

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўз нутқини TÜRSAB президенти ва директорлар кенгаши аъзоларини уларнинг янги лавозимлари билан қутлашдан бошлади. У Ўзбекистон Туркиянинг туристик агентликлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўймоқчи экани ва шу тариқа мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини оширишга эришмоқчи эканини қайд этди. Қўмита раисининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон туркиялик меҳмонларни айниқса зиёрат туризми нуқтаи назаридан қизиқтира олади. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси, туркиялик эксперт Содиқ Бадак ҳам TÜRSAB раҳбариятини қутлаб, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 
 

Фото: tursab.org

TÜRSAB раиси Фируз Бағликая ўз сўзида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун ҳар қанча ёрдам керак бўлса тайёр эканини таъкидлади. 

"Ўзаро музокараларимизнинг бош мақсади икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликка доир келишувларга эришишдир. Бунга давлат раҳбаримизнинг Ўзбекистонга расмий ташрифидан олдин йўлга қўйилган ҳамкорлик келишуви сифатида қараймиз. Келгусида икки мамлакат президентлари ўртасидаги алоқалар нафақат туризм соҳаси, балки икки томонлама муносабатларни яхшилашга хизмат қилувчи бошқа соҳаларни ҳам қамраб олади, деб ўйлайман. TÜRSAB ўзининг биродар халқи - Ўзбекистон учун қўлидан келганча ҳаракат қилади, бунга ишонишингиз мумкин". 

Ҳужжатларни имзолаш жараёни тугагандан сўнг томонлар ўзаро совғалар билан алмашишди. 

Фото: tursab.org

 

Мавзуга оид