Маълумки, иқтисодий ўсишга эришиш учун мамлакатга хорижий инвестицияларни имкон қадар кўпроқ жалб этиш лозим. Боз устига, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг таъсирида Ўзбекистонга асосий капиталга киритилган хорижий инвестициялар ҳажми камайиб уларнинг улуши 2010 йилдаги 28,3 фоиздан 21,3 фоизгача пасайган.

Ички манбалар ҳисобига Ўзбекистон иқтисодиётида вужудга келган номутаносибликларни бартараф этиш ва уни рақобатбардошлигини таъминлаб бўлмаслигини тушуниш қийин эмас. Шундан келиб чиқиб, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги энг муҳим қадам — 2017 йилнинг сентябридан бошланган валюта бозорини либераллаштириш ва эркин конвертацияни жорий этиш бўлди. Эндиликда замонавий асбоб-ускуналар, техника ва жиҳозлар, сифатли хом-ашё нафақат марказдан белгиланган саноқли корхоналарга, балки реал секторнинг барча соҳаларига бозор тамойиллари асосида эркинлик билан кириб келмоқда ва ушбу жараён иқтисодий муносабатлар такомиллашиб бориши билан жиддий ижобий натижалар бериши мумкин.

Инвестициялар оқимини кенгайтириш йўли билан мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш турли хил мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғланган омиллар билан боғлиқ ва шулардан бири солиқ тизимидир. Ушбу тизим қанчалик такомиллашган бўлса, шунга боғлиқ ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлиги ошади ва аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб бораверади.

Бир томондан, солиқлар давлат ўзининг ижтимоий-иқтисодий функцияларини тўлақонли бажариши учун молиявий манба бўлиб хизмат қилади.

Бошқа томондан, улар ёрдамида тадбиркорлик фаолияти тартибга солинади, иқтисодий ресурслар самарали ишлаётган тадбиркорлар қўлига ўтади, сифатли ва янги-янги эҳтиёжларни қондирадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади ва уларнинг ҳажми ўсиб боради.

Албатта, бунинг учун нафақат солиқ тизими, балки молия, банк, савдо ва бошқа соҳалар ҳам такомиллашган бўлиши шарт ва ушбу жараёнлар мамлакатимизда муайян кетма-кетликда амалга оширилмоқда. Умуман олганда, мустақиллик йилларида мамлакатимизда солиқ тизимини ислоҳ қилишга берилган эътибор бошқа соҳаларга нисбатан кам бўлмаган. Ялпи ички маҳсулотга нисбатан солиқ юкининг 20-21 фоиздан ошмаслиги, фойда солиғи ставкасининг юридик шахслар учун 7 фоиз даражасида белгиланиши МДҲ доирасида учрамайдиган ҳолат бўлиб келган. Шу билан бирга давлат бюджети даромадларининг асосий қисми билвосита, жумладан аҳоли учун зарур бўлган товарлар нархини оширишга олиб келадиган қўшилган қиймат солиғи ҳисобига шаклланиши демографик шароити оғир бўлган Ўзбекистон учун мантиққа зид амалиёт эканлигини тан олиш лозим.