Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПФ-4516-сонли Фармонига асосан Жиззах вилоятида “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда “Жиззах” ЭИЗ деб аталади) Сирдарё вилояти Сирдарё тумани филиали ташкил этилгани ва унинг чегаралари тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинди. 

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Сирдарё” ЭИЗ деб аталади) “Жиззах” ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди. 

Қуйидагилар “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди: 

Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш; 

мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш; 

эркин иқтисодий зона корхоналари ўртасида ҳамда бошқа маҳаллий корхоналар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллардан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; 

“Сирдарё” ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, ушбу ҳудудда сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;