Сингапур ҳақда эшитганмисиз? Жанубий Корея ёки Германия ҳақда-чи? Эшитгансиз ва тинглаб ёки телевизордан томоша қилиб ҳузур қилгансиз. Ривожланган, фаровон, чиройли давлатлар-а? Қизиқ, Ўзбекистонимиз қачон шу даражага етаркан? Гапнинг очиғини айтайми, тадбиркорларни бўғадиган бўлсак, ҳеч қачон! Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани мисолида гапимни давом эттираман.

Айнан мана шу туманда “Яккабоғ мармари” деган корхона фаолият юритади. Раҳбари эндигина 32 ёшни қаршилаган Санжар Сафаров деган йигит. Ёш, навқирон, режалари ва мақсадлари бисёр тадбиркор. Аммо у бошлаган иш бугун ўз ечимини кутмоқда, унинг ишлари эса ўлда-жўлда...

Гап шундаки, Санжар Сафаров ўз бизнесини янада кенгайтириш, қўшимча ишчи ўрин ташкил қилиш мақсадида ғишт ишлаб чиқариш корхонаси яқинида жойлашган, Яккабоғ туман ҳокимияти захирасида 10 йиллаб ётган ерни сўраб 2017 йилнинг ноябрь ойида ҳокимга мурожаат қилади. 2018 йилнинг март ойида Яккабоғ туман ҳокими тадбиркорнинг муаммосини ҳал этиб, ерни ишлатиш тўғрисидаги қарорга қўл қўйиб беради. Аммо мана шу қарор ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаевнинг қўлига тушиб қолади ва ўз-ўзидан тушунарсиз талаблар юзага чиқишни бошлайди.

- Мен ҳокимнинг қароридан сўнг, ерни ҳайдаш ва унга сабзавот маҳсулотларини экиш учун зарур техника воситаларига буюртма бериб қўйган эдим, - дейди Санжар Сафаров. – Аммо ҳоким ўринбосари “бу ерни ишлата олмайсан, ҳоким қарори менда, агар ишлатмоқчи бўлсанг, тадбиркор амакингнинг ерларини, иссиқхоналаригача, ҳокимият ҳисобига ўтқазиб бер”, деб қолди. Бу нима дегани? Бу “кўчачаси”га гаплашишми? Мен нега амакимнинг ерини ҳокимият ҳисобига ўтказиб беришим керак? Амаким ўз вақтида солиқларни тўлаётган бўлса, мана шу иши ортидан қора қозони қайнаётган бўлса, нега бундай қилишим керак, қаерда ёзилган қоида бу?

Санжарнинг айтишича, мазкур ерни обод қилиш, унда экин экиш ва бунинг ортидан бир неча кишини иш билан банд қилиш мақсадида 1200 метр масофага қувур тортяпти, мақсад: у ерга сув олиб бориш. Бу борада мутахассислар билан маслаҳатлашган тадбиркор 32 метр баландликка сув тортиб бориш керак. бундан ташқари, ҳар бири 330 минг сўм турадиган 12 та устун жойлаштириляпти. 12 миллион сўмга насос ускунаси харид қилинган. Ва ниҳоят ерни ҳайдайдиган трактор занг босиб ётибди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, тадбиркорнинг ишлари ўлда-жўлда.