Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Х ижтимоий тармоғида Самарқандни форс цивилизациясининг бир қисми деб атаган постини ўчириб ташлади. Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон дипломатик ваколатхоналарининг шаҳарнинг тарихий-маданий мероси ҳақидаги баёнотлари юзасидан ушбу мамлакат томонига норозилик билдирган эди.
Баҳсга Ўзбекистонга ташрифи доирасида 19 октябрь куни Самарқандда бўлган АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг пости сабаб бўлди. У шаҳарнинг жаҳон савдосидаги тарихий ўрнини қайд этиб, ўтмиш келажак учун имкониятлар яратишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Бунга жавобан Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Самарқанд форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми эканини маълум қилди. Дипломатлар, шунингдек, Рубиога 7 октябрь куни Афинада сўзлаган ва қадимги юнонлар ҳамда форслар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида гапирган нутқини ҳам эслатиб ўтишди.
Бу баёнотларга Тошкент муносабат билдирди. 23 октябрь куни Эроннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Ўзбекистон томони Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бузиб кўрсатадиган ҳамда сиёсий тусдаги провокацион баёнотларни ўз ичига олган постларга қатъий норозилик билдирди. Элчига норозилик нотаси топширилди.
Дипломатик демаршдан сўнг Эроннинг Арманистондаги элчихонасининг пости ижтимоий тармоқдан ғойиб бўлди. 25 октябрга келиб постга олиб борувчи ҳавола ишламай қолди.
















