Бир куни телевизорда бир қиз (баъзилар шу ўринда «зулфиячи» сифатини ишлатишни яхши кўради, аммо менга бундай умумлаштириш ёқмайди, шунинг учун яна таъкид билан айтаман: у мен учун - бир қиз) бугунги кундаги турли ижтимоий тармоқлар, мессенжерларнинг зарарлари ҳақида гапирар экан, бир қизиқ фикр айтди. Қайсидир иштирокчи телеграм орқали Лондонда ўқиётган дўсти билан гаплашиш осон бўлаётгани, керак бўлганда, видеоқўнғироқ ҳам қилиб, уни кўриб турган ҳолда (зўр-а, бир пайтлар фантастик фильмларда бўларди, қарияпмиз) суҳбатлашишнинг имкони борлигини айтганди. У қиз:
- Нега, ундан кўра, ота-оналаримиздек мактуб орқали гаплашиш яхши-ку?
- Қанақасига? Интернетда тезлик бор, маълум сонияда фикрим етиб боради. Мактубни қанча кутиш керак?
- Аммо мактубнинг ўзгача завқи бор, уни қўлингизга оласиз, ҳидлайсиз.. фалон пистон... (уёғи эсимда йўқ).
Хуллас, олий маълумотли ўша қиз 21-асрда туриб, шу фикрларни айтаётганди. Ҳа, мактубни фақат конверт ичида бўлади, деб ўйлайдиганлар, китоб, газета, умуман маърифат фақат қоғозда бўлади, деб ишонадиганлар ҳали ҳам бор. Ёш авлод ичида ҳам.
Буни эслаганимнинг сабаби, бугун Россияда Телеграм мессенжерини тақиқлашди.
Москванинг Таганский туман суди «Роскомнадзор»нинг Telegram мессенжерини блоклаш ҳақидаги талабини қаноатлантирди.
Россия ҳукумати Телеграмда тарқатилаётган маълумотлар экстремизм, терроризм каби ғояларга эга бўлиши мумкинлиги, улар Россияга ва барча фуқароларга, хусусан мессенжер фойдаланувчиларига хавф туғдириши мумкинлигини иддао қилди ва ушбу тармоқ эгаси Павел Дуровдан фойдаланувчиларга тегишли маълумотларни аниқлаш, ўзаро суҳбатларни керак бўлганда олиш мумкин бўлган тизимни назорат органларига беришни талаб қилди. Уларнинг айтишича, Россияда уюштирилган баъзи терактларда жиноятчилар ўзаро алоқа қилиш учун айнан телеграмдан фойдаланишган. Сервис федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини расшифровка қилиш имконини берувчи калитларни тақдим этмади. Бугун бўлиб ўтган судда Телеграм ахборот тарқатишни ташкиллаштирувчилар махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилган «Ахборот тўғрисида»ги қонунни бузишда айбланди.
У қандай мессенжер, унинг қандай қулайликлари бор тушунтириб ўтирмайман, шунчаки, яна бир қизиқ воқеа: сал олдинроқ, техник сабаблар туфайли бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам телеграм бир неча соат ишламай қолди. Ўшанда баъзи инсонларнинг муносабати, умуман пайдо бўлган бир кайфият ҳайрон қолдирди:

















