Жамият | 16:14 / 17.04.2018
38578
3 дақиқада ўқилади

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ: Нарпай каналига нажосат оқизилмоқда

Каттақўрғон шаҳридан оқиб ўтувчи Нарпай канали ҳақида эшитганмисиз? У қўшни Нарпай тумани ҳудудигача чўзилган. Қадимдан бу канал «Наҳри пай» деб аталган, чин маънода шу ҳудуд аҳолиси учун ҳаёт томири бўлиб хизмат қилиб келган.

Яқин-яқингача канал атрофида жойлашган маҳаллий аҳоли ушбу каналдан сув олиб ичган. Бироқ айни пайтда бу канал суви истеъмол учун мутлақо яроқсиз ҳолатга келган.

Биз каналнинг қуйи оқимида бўлиб, Нарпай туманидаги маҳаллий аҳолини сўзга тутдик. Улар ушбу канал сувини 20 йилларча муқаддам ичишгани, сув тоза бўлганини, ҳозир сув ҳаттоки кир чайишга ҳам ярамаслигини айтишди. Нарпайдаги қишлоқларга жойига қараб, сув келтирилиб сотилади, артезиан қудуқлари қазилган, ёки Дамхўжа суви водопроводда ўтказилган.

Барчасига сабаб каналга Каттақўрғон шаҳрининг оқова сувлари оқизилаётганлигида. Масалан, шундоққина каналнинг ёқасида авария туфайли 10 йилча бурун очилган канализация қувури очилиб ётибди. Унинг ичида нажосатлар оқиб ўтаётгани кўриниб турибди. Бу ерни беркитиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Энг даҳшатлиси, шу очилган жой яқинида каналнинг ҳимоя девори ҳам бузилиб ётибди, каналда сув кўпайса канализация қувурига қўшилиб кетади.

Умуман, Каттақўрғон шаҳрининг Нарпай каналига ёндош ҳудудида канализация тармоғи яхши ривожланмаган. Кўчалардаги ариқлардан ҳам оқова сувлари оқиб каналга тушади. Ариқлардаги сувнинг ранги шубҳали. Биз кундузи суратга туширдик. Аксарият аҳоли кечаси бу ариқлардан оқова сувларини оқизади ва у ифлос сув тўғри Нарпай каналига бориб тушади.

Канал бўйлаб нарироққа тушдик. Канал узра ўтган темир йўл кўприги олдида Каттақўрғон пахта тозалаш заводи ва ёғ-мой заводининг канализация қувури очиқчасига Нарпай каналига келиб тушмоқда. Атрофга таралаётган қўланса ҳидга чидаш қийин.

«Ҳозир каналда сув кўпроқ, оқизиб кетяпти. Ёз фаслида сув камайгач, бу ердан таралаётган сассиқ ҳидга бардош бериш жуда қийинлашади», дейди ўша ҳудудда яшовчи фуқаролардан бири.

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб бекорга айтишмаган. Нарпай канали сувининг софлигини ким сақлайди?! Ким бунга масъул? Каналда рўй бераётган экологик фалокатни бартараф эта олувчи мард топиладими?

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид