Жаҳон | 08:29 / 17.04.2018
24541
3 дақиқада ўқилади

Туркия мусулмонларга нисбатан иккилик стандартларини жавобсиз қолдирмайди

Фото: Anadolu

Туркия гап мусулмонлар ҳақида кетганда, иккилик стандартларини жавобсиз қолдирмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда ўтаётган Мусулмон озчиликлари жаҳон саммитида айтиб ўтди. 

“Барчамиз Ғарб ўз манфаатлари учун нима қилишини, қандай алғов-далғовлик юзага келтиришининг гувоҳи бўлганмиз. Мисол учун, гап нефть, олтин ва олмослар ҳақида кетганда, бу давлатлар ўзларини қон ҳидига сузиб келувчи акулаларга ўхшаш тутадилар. Шу билан бирга бу давлатлар Фаластиндаги қон тўкилишларни, Аракандаги геноцидни, қўшни Сурияда юз минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлишини инобатга олмаслигини ҳам яхши биламиз”, деб айтган Эрдўған. 

Унинг айтишича, Ғарб исломга қарши ҳаракатларни амалга ошириб, ўз мафкураси ва турмуш тарзини сақлаб қолишга интилмоқда. 

“Террорчиларни исломни ёмонотлиқ қилиш воситаси сифатида қўллашга уринишлар амалга оширилмоқда, ваҳоланки ислом дини замонавий одамнинг маънавий эҳтиёжларига жавоб берувчи ягона диндир. Бу вазиятда гап террорчилар ҳақида кетмоқда, уларнинг пайдо бўлиши махсус лойиҳа ҳисобланади”, деб айтган Эрдўған.  Эрдўғаннинг таъкидлашича, бундай ёмонлашаётган вазиятда мусулмонлар зиммасига маълум жавобгарлик тушади.    

“Биз бу тажовузларга жим қараб тура олмаймиз. Мусулмонлар бошқа динлар вакиллари билан тинчлик-тотувликда яшай оладилар, уларда бу масалада бутун тарих давомида муаммо бўлмаган”, деб сўзларини давом эттирган Туркия президенти. 

Эрдўғаннинг таъкидлашича, 11 сентябрдаги терактдан кейин мусулмонлар тажовузга учрамоқдалар.

“Террорчи гуруҳлар бизнинг келажагимизга раҳна солиш, эркинлик ва ҳуқуқларимизга путур етказиш воситаси сифатида қўлланмоқда. ИШИД, “Боко Ҳаром”, Аш-Шабоб” ва ФЕТО томонидан амалга оширилувчи терактлар нафақат мусулмонларга зиён етказади, балки баъзи доираларга ислом тинчлик дини эмаслигини айтишга имкон беради. Бу террорчилар қўлидан қанча бегуноҳ мусулмон ҳалок бўлганига ҳеч ким эътибор қаратмайди. Кўплаб ғарб давлатлари ўзининг ички муаммоларини яшириш учун оловга мой сепишади”, деб айтган Эрдўған. 

Унинг айтишича, ислом давлатларига озчиликларнинг ҳуқуқлари бўйича эътирозлар билдираётганлар Африка ва Осиёнинг кўплаб давлатларида мусулмон озчиликларга нисбатан этник тозалашлар содир этилишига кўз юмадилар.

“Биз бу иккиюзламачилик адолатли курашимиздан чалғитишига йўл қўймаймиз. Мусулмонлар бутун дунёда адолатга интилишлари лозим”, деб сўзларини интиҳолаган Эрдўған. 

Мавзуга оид