Москвада мусулмонлар кучишлатар тузилмаларнинг ҳаракатларидан норозилик сифатида стихияли митинг ўтказди. Юзлаб кишилар Москва тарихий масжидидан чиқиб, Большая Татарская кўчаси бўйлаб ҳаракатланган. Полиция ва Росгвардия ходимлари уларга халақит қилмаган, қўлга олинганлар ҳақида хабар йўқ.

10 июл куни Москва шаҳри яқинидаги Котелники шаҳрида яшовчи бир гуруҳ мусулмонлар Россия президенти Путинга видеомурожаат йўллаб, кучишлатар тизим вакилларининг уларга нисбатан қилган ҳаракатларидан норозилик билдиришганди. Мурожаатда айтилишича, 7 июл куни жума намози вақтида ОМОН зобитлари оёқ кийимини ечмай Дзержинский шоссесидаги кўп қаватли уйда ташкил қилинган ибодат уйига бостириб кирган. Улар ибодат қилаёган одамларни ҳақорат қилиб, ҳурматсизлик қилишган.

Аксари Россия фуқаролари бўлган жамоат

Одамлар нега бундай қилишаётганини сўрашганида эса омончилар жума ибодатини адо этиш учун борганларга қарата ўт ўчирувчи қурилмадан кўпик сепишган. Жамоат етакчиси Салават Ибодатулиннинг айтишича, ибодат уйига борадиганларнинг аксари Россия фуқаролари.

«Бизнинг жамоат миграцион қонунчилик бузилишига қарши. Аммо биз жамоатимиз орасида қонунбузарларни топа олмаймиз. Бу ишни тегишли идора ходимлари бизнинг деворларимиздан ташқарида амалга ошириши керак. Орамизда «махсус ҳарбий амалиёт»да (Россияда урушни шундай аташади – тарж.) қатнашганлар бор. Жанг майдонларидан қайтган биродарларимиз бундай муносабатдан ўзларини камситилган ҳис қилишмоқда. Владимир Владимирович, сизга ҳимоя сўраб мурожаат қиляпмиз. Бу ҳолатга аралашишингизни илтимос қиламиз», дейишган мурожаатчилар.

Худди хавфли жиноятчилар ушлангани каби

Фото: РФ Тергов қўмитаси

Москва области диний бошқармаси ҳам жума ибодати вақтида омончиларнинг бостириб киришини қоралаган. Баёнотда «такаббурлик билан амалга оширилган бу намойишкорона ҳаракат» худди ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олиш жараёнини эслатиб юбориши танқид қилинган. Шунингдек, Котелникидаги мусулмон жамоаси Россия Адлия вазирлиги томонидан диний ташкилот сифатида расман рўйхатга олингани эслатилган. Ҳудудда мусулмонлар кўп бўлгани боис учта мусулмон жамоаси рўйхатга олинган.