Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ягона солиқ тўлови тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб Низом қуйидагиларга татбиқ этилади:
1. ЯСТ тўловчиларига, агар умумий майдони 1 гектардан ортиқ ер участкаларига эга бўлса;
2. Нотижорат ташкилотларга, агар улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ер участкаси 1 гектардан ортиқ бўлса;
3. Ягона ер солиғи тўловчиларга, агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятни 1 гектардан ортиқ ер участкасида амалга ошираётган бўлса.
Низом қуйидаги ЯСТ тўловчиларига татбиқ этилмайди:
1. Умумий майдони 1 гектар ёки ундан кам ер майдонлари мавжуд бўлганларга;
2. Солиқ кодекси ёки Президент қарорларига мувофиқ юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлашдан озод этилганларга. Масалан:
• маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ташкилотлари – ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга оширишда фойдаланадиган ер участкалари учун;
• ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон чернобилчилари» ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50%ини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил қилган юридик шахслар, бундан савдо, воситачилик, таъминот-сотиш ва тайёрлов фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мустасно;
• ихтиёрий тугатилаётган корхоналар (Солиқ кодексининг 282-моддаси 1-қисми).
2018 йил 1 январдан бошлаб ер участкасининг умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ЯСТ тўловчиларига қуйидагилар татбиқ этилмайди:
• ЯСТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
• ЯСТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
















