Ўзбекистон | 11:02
868
2 дақиқада ўқилади

Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёз олиш тартиби белгиланди

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзлардан фойдаланиш учун электрон мурожаат юбориш тартиби тасдиқланди. Аризалар солиқ хизматлари портали ёки my.gov.uz орқали қабул қилиниб, уч иш кунигача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 июлдаги 389-сон қарори билан жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқлари бўйича имтиёзларни электрон тарзда расмийлаштириш имконини берувчи маъмурий регламент тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, фуқаролар солиқ имтиёзидан фойдаланиш учун Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали мурожаат юбориши мумкин.

Электрон мурожаат келиб тушгач, солиқ органининг масъул ходими тақдим этилган маълумотларни солиқ органларида мавжуд ахборотлар асосида икки иш куни ичида ўрганади. Текширув якунларига кўра, солиқ имтиёзини қўллаш ёки уни рад этиш ҳақида хулоса расмийлаштирилади.

Солиқ органининг тегишли хулосаси яна бир иш куни ичида фуқаронинг Электрон солиқ хизматлари порталидаги шахсий кабинетига ёки my.gov.uz портали орқали юборилади.

Мурожаат рад этилган тақдирда, фуқаро рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиб, такроран ариза бериш ҳуқуқига эга. Қайта юборилган мурожаат ҳам белгиланган регламент талаблари асосида кўриб чиқилади.

Янги тартиб солиқ имтиёзларини олиш жараёнини соддалаштириш, ортиқча қоғозбозликни камайтириш ва давлат хизматларидан масофадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид