Рауль Кастро Куба раҳбарлигидан кетиши - мамлакатни қарийб 60 йил бошқарган ака-ука Кастролар эраси якунланганининг ифодасидир. Аммо ҳозирча кардинал ўзгаришлар кутиш керакми?

Фото: AFP Photo/HO

Пайшанба куни Куба парламенти собиқ вице-президент Мигель Диас-Канель мамлакат президенти этиб сайланганини эълон қилди. У бу лавозим учун ягона номзод эди.

Собиқ Иттифоқ даврида ва Куба матбуотида Озодлик ороли дея таърифланган Кубада Кастролар эраси якунланди - 1959 йилдан буён Куба давлатига Кастролар оиласига мансуб бўлмаган киши раҳбар бўлди.

Шу билан бирга кичик Кастронинг кетиши фақат рамзий характерга эга - у 2021 йилга қадар коммунистлар партияси раҳбари бўлиб қолаверади, янги президент ҳам ушбу партия аъзоси.

Ислоҳотлар бўладими?

Фото: GETTY IMAGES

Айрим кубаликлар Кастронинг кетиши ортидан мамлакатда ислоҳотлар шамоли эса бошлашига умид қилишмоқда. Аммо унутмаслик керакки, Диас-Канель марксист-ленинист ва технократ, у мавжуд тартибни ўзгартиришни исташига ишониш қийин.

Диас-Канель анчагина ёш - у 20 апрель куни 58 ёшга тўлади, у диктатор Батиста ағдарилиши ва Фидель Кастро ҳокимиятга келишидан кейин туғилган.

Яна шуни унутмаслик лозимки, Рауль Кастро яқин 3 йил ичида мамлакатдаги энг катта таъсирга эга сиёсий лавозимда - Компартия бош котиби лавозимида қолади.

Бу анча залворли пост, президентликдан ҳам кўра. Партиянинг энг юқори чўққисидагилар энг муҳим иқтисодий, ижтимоий ва ташқи сиёсат бўйича қарорларни қабул қилади, президент эса бу қарорларни бажариши шарт. Шу туфайли дарҳол Диас-Канель кескин ўзгаришлар қилишини кутиш қийин.

Ака-ука Кастролар билан янги президент ўртасида айрим фарқлар ҳам бор.

Масалан, Диас-Канель ҳеч қачон армияда хизмат қилмаган ва ака-ука Кастролардан фарқли равишда омма олдида ҳарбий либосда эмас, оддий гуаябереда - зиғиракдан тўқилган енгсиз кўйлакда намоён бўлади.

Фото: GETTY IMAGES