Жорий йилнинг 16 мартидан эътиборан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бир-бирларининг ҳудудида бир ой мобайнида визасиз қолишлари мумкин. «Дўстий» назорат ўтказиш пункти Душанбега энг яқини, у Тожикистон пойтахтидан бор-йўғи 70 км нарида жойлашган.

«Очиқ Осиё онлайн» мухбирлари НЎПда бўлиб, чегараларнинг очилиши нафақат қариндошчилик алоқаларининг тикланиши, шунингдек бизнес ривожига ҳам таъсир қилганини аниқлашди.
Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода шаҳрига бораётган машиналар учун терминалда чегарагача мижозни элтиб қўювчи таксичилар пайдо бўлган. Бир ўрин учун улар 20 сомоний (2,2 доллар) сўрашмоқда.

— Кунига мен уч марта чегарагача келаман ва қайтаман. Бундан ортиғига кучим ҳам хоҳишим ҳам етмайди, лекин куннинг исталган вақтида ҳар икки тарафдан келиб кетувчилар кўп, — дейди журналистларга ҳайдовчи Абдураҳмон Самиев. Унинг айтишича, мижозлари асосан Сариосиё туман аҳолиси бўлиб, улар қўшни давлат пойтахтини айланиб, кечқурун уйларига — Ўзбекистонга қайтишади.
Расмий маълумотларга кўра, «Дўстий» НЎПни ҳар икки томондан кунига 2 минггача ҳар икки давлат фуқаролари кесиб ўтмоқда.
Палапартиш бозор
НЎП олдида одамлар издиҳоми кўзга ташланади. Аниқланишича, маҳаллий аҳоли Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлар сотиладиган бозорча очишибди.
Савдо қилаётганларининг айтишларича, Деновдаги марказий бозоргача бориш 11 сомоний (1,2 доллар) га тушади. Бу ердаги нархлар эса Турсунзодадагидан арзонроқ ва ундан булар фойдаланишмоқда. Деновдан маҳсулотларини олиб келиб, чегарада сотишмоқда.
Ўзбекистонлик 30 ёшли Самандар Қодиров ҳар тонг сингиллари билан Тожикистонга келади ва кечқурун қайтади.

Улар нўхатнинг бир килосини 12,5 сомоний (1,4 доллар) га пуллашади. Регарнинг ўзида нўхатнинг бир килоси 17 сомоний (1,9 доллар), Душанбеда эса 18 сомоний (2 доллар) туради.


















