Жамият | 17:10 / 22.04.2018
37698
2 дақиқада ўқилади

Ўқувчини пойабзал билан урган коллеж ўқитувчиси ишдан бўшатилди

Фото: Facebook

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи томонидан ўқувчи оёқ кийими билан калтаклангани видеоси тарқалган эди.

Ўзбекистон ОЎМТВ Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази хабарига кўра, педагог ишдан бўшатилиб, иш прокуратурага ўтказилган.

Gazeta.uz нашрида ёзилишича, текширув ўтказиш натижасида, видеоматериал 11 апрель куни Урганч автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежида тасвирга олингани маълум бўлган. Биология фани ўқитувчиси З. Нафасова «ўз мажбуриятлари доирасидан чиқиб, педагог учун номуносиб хатти-ҳаракатларни намойиш этган ҳолда ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатган», деб қайд этди марказ вакили.

Коллежда 13 апрель куни ўтказилган мажлисда ўқитувчилар ва гуруҳ раҳбарлари бу каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилангани тўғрисида огоҳлантирилган. Шундан сўнг, коллеж раҳбарияти 2008 йилдан буён ишлаб келаётган Нафасова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди.

Марказ вакили ўқитувчи қандай руҳий ҳолатда бўлишидан қатъи назар, бу каби ҳаракатларни мутлақо оқлаб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид