«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги Қонунларга тузатишлар киритилди (18.04.2018 йилдаги ЎРҚ-476-сон Қонун). Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
 
Партия гуруҳида – камида 3 нафар депутат
 
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашларида сиёсий партиялар манфаатларини ифода этиш учун партия гуруҳлари тузилмоқда. Аниқлаштирилишича, уларнинг таркибида камида уч нафар – бир партия аъзолари бўлган тегишли вакиллик органига сайланган депутат бўлиши керак.
 
Партия гуруҳлари қўшимча ҳуқуқларга эга бўлишди:

• ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
• туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Жўқорғи Кенгесга, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш.
 
Сайловчилар билан мулоқот – йилига 4 марта
 
Энди тегишли халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловчиларни ўз фаолияти тўғрисида икки марта кўп ¬– йилига камида 4 марта хабардор қилишлари керак (илгари – йилига камида 2 марта).
 
Аммо улар нафақат сайловчиларнинг ишончини оқлаш ҳақида, балки уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган орган (сиёсий партия) олдидаги ўз мажбуриятларини бажариш тўғрисида ҳам қайғуришлари зарур, чунки энди унинг тақдимномасига биноан у чақириб олиниши мумкин (яъни унинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш). Бу Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.    
 
Жойлардаги ишларни депутатлар вакиллари ташкил этади
 
Сиёсий партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати билан келишилган ҳолда партиянинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ходимлари орасидан (жамоатчилик асосида) вакил тайинлаши мумкин.