Жамият | 15:53 / 25.04.2018
29017
2 дақиқада ўқилади

UzCard картадан пулларни ўғирлаш ҳолатлари кўпайгани ҳақида огоҳлантирди

Фото: Kun.uz

Молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ такрорланувчи ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази барча карта эгаларини огоҳ бўлишга чақирмоқда.

“Бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида, ижтимоий тармоқлар орқали турли хайрия акциялари ўтказилиб келинмоқда. Бундай тадбирларни ташкиллаштириш, албатта, эътиборга молик ишдир, бироқ, фирибгарлар турли йўллар орқали ўз мақсадларида қаллоблик қилишларини ҳам эслатиб ўтишни жоиз топдик.  Ёрдамга муҳтож инсонлар учун бу каби тадбирлар ташкиллаштирилиши муҳим, бироқ ҳадя қилинган маблағни қабул қилувчи карта эгаси зиммасида ҳам пластик картанинг хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифа борлигини унутмаслигимиз лозим. Авваламбор, тадбирни ташкиллаштирувчилар томонидан маблағ қабул қилувчи карта эгаси онлайн-ўғриликларнинг қурбонига айланмаслиги учун огоҳлантирилиши ҳам жуда муҳим.

Куни кеча, қайд этилган фирибгарлик ҳодисаларидан бирида, ўғрилар эълон қилинган карта рақамини мобил иловага улаш мақсадида, карта эгаси билан боғланиб смс орқали юборилган кодни аниқлаб олишгани, сўнгра йиғилган пул маблағларини онлайн режимда ўғирлашгани аниқланди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга келиб, мамлакатда фаолият кўрсатаётган бир қатор мобил иловалар томонидан хавфсизлик талаблари бажарилиб, ҳар бир карта эгаси эътиборига ҳавола этилган юридик маълумотда код рақамини учинчи шахсга тақдим қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, KUN.UZ ҳам хайрия акцияларида иштирок этаётган барча фуқароларни шундай ҳолатлар ҳақида огоҳлантириб бормоқда. Бу масалаларда акция қатнашчилари орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид