Ўзбекистон Республикаси президенти “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА'да эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, айрим туманларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари ушбу йўналишдаги фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида: 

Тегишли ҳудудда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш кўрсаткичларидан бири деб ҳисобланади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги вазири ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) раҳбарларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш таъминланмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилган. 

Белгиланишича, 2018 йил 1 июлдан: 

барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий ҳисобланади; 

фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади; 

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга оширади. 

Кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Кенгашга аъзолик бадалларини қуйидагича белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқулланди: