Ўзбекистон Республикаси президенти “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА'да эълон қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Кенгашнинг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Белгиланишича:
а) қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан тегишлича 350 миллиард сўм ҳамда 150 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган бир марталик беғараз молиявий ёрдам;
аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи;
Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, маблағларни депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун фойдаланилади:
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига ресурслар жойлаштириш;
тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар бериш;

















