Дунёнинг ҳеч бир давлатида ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром биздагидек эмас. Чунки ҳеч бир давлатда ўқитувчилар куни умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинган эмас. Лекин бу эҳтиромми ёки «эҳтиром»?

Яқин-яқингача ўқитувчиларимиз ўзларига аталган байрам — 1 октябрда пахта даласида меҳнат қилишар «оқ олтин»ни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда камарбаста бўлишарди. Улардан бошқа  ҳамма дам олар эди бу кунда. Бундан ортиқ хўрлаш бўлмаса керак дунёда…

Ўқитувчиларнинг далаларда ҳосил йиғиштиришда, кўча-кўйда ободончилик ишларида ишлаётганини кўрган ёш авлод уларни ҳурмат, бу шарафли касбга ҳавас  қилармиди? Мактаблардаги таълим сифати-чи? Айнан мана шундай ҳолатлар ҳукмрон бўлгани учун не не забардаст ўқитувчилар бу касбни ташлаб кетмадими?

Нега Ҳожибой Тожибоевнинг аччиқ сатирасида тракторчиларга жой бўшатиш учун ўқитувчилар эгаллаган фермер меҳмонхонаси бўшатилади? Чунки фермернинг ўқитувчига иши тушмайди, унинг учун улар шунчаки даласида хизмат қилувчи меҳнаткашлар-да.

Яқинда Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида янграган сўнгги огоҳлантириши билан таълим ва тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бош вазир шу хусусда вазирликлар ва ҳокимликлар иштирокида катта йиғилиш ўтказди ва Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга шундай хитоб қилди:

«Жаноб, Иноятов Улуғбек Илёсович. Нега шу кунгача аниқ бир чора кўрилмаган ёки таклиф киритилмаган? Иш берувчи сифатида ҳам нима учун биронта ўқитувчининг манфаатини ҳимоя қилиб чиқмагансиз? Таълим-тарбия мазмунини, унинг сифатини қачон яхшилайсиз? Агар ўқитувчиларингиз шу тарзда мажбурий меҳнатга жалб этилиши давом этса, қачон таълим сифатини оширишга эришишимиз мумкин бўлади?»

«Тўғрисини айтадиган бўлсам, раҳбар сифатида менда журъат етишмаган. Керак бўлса, вақтида мажбурий меҳнатга хайрихоҳ бўлиб, буни ватанпарварлик сифатида билиб, тепасида турганман», деди бунга жавобан вазир.

Тўғри, давлат ва ҳукумат раҳбарининг ушбу чиқишларидан сўнг ҳозир вилоятларда ишчи гуруҳлар тузилиб, таълим ва тиббиёт ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Кўрамиз, бу ҳали қандай самара берар экан.

Мажбурий меҳнатдан қутулиш йўллари

Ўртага битта саволни ташлайлик: нега ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бу қадар осон? Унинг нима заифлик жойи борки, ҳақ тўланмайдиган, асосий вазифаси бўлмаган қўшимча меҳнатга индамайгина бўйин эгиб, рози бўлиб кетаверади. Ўқитувчининг нуфузини бу қадар тубанга туширган ким?