Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада замонавий саноат усулида омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Қарор билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг паст рентабелли пахта ва ғалладан бўшаган, озуқа экинлари учун ажратилган майдонларда жорий йилда маккажўхори экинини жойлаштириш ҳамда 2018-2019 йилларда ҳудудларда бўрдоқичилик комплексларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд омухта ем ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, уларни замонавий технологиялар асосида босқичма-босқич модернизация қилиб бориш ва янги қувватларни ишга тушириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Республикада омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хомашё базасини кўпайтириш мақсадида паст рентабелли пахта ва ғалладан бўшаган майдонларга 2018 йилда маккажўхори экинини жойлаштириш ва макка дони етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хомашё базасини кўпайтириш учун келгуси йилларда озуқа экинлари экиш учун ажратиладиган ер майдонларини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда 2019 йил ҳосилидан бошлаб, озуқа экинларининг суперэлита уруғларини оригинаторлар ва илмий тажриба станцияларида, элита уруғларини уруғчилик етиштириш билан шуғулланувчи бошқа ташкилотларда етиштирган ҳолда, озуқа экинлари учун ажратиладиган майдонларнинг уруғликка бўлган талабини тўлиқ қондириш чораларини кўради.

Қарорга мувофиқ  жорий йилда 28 844 гектар майдонда маккажўхори экилади ҳамда 2018-2019 йилларда ҳудудларда 280 та бўрдоқичилик комплекслари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2018-2019 йилларда йилига 354,0 минг тонна гранулаланган ва экструдирилган замонавий омухта ем ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали истеъмолчиларнинг омухта емга бўлган талабини тўлиқ қондириш режалаштирилмоқда.

Эндиликда, чорва моллари, парранда ва балиқ озуқаси учун ишлаб чиқарилаётган омухта ем маҳсулотлари қадоқланган ва унга маҳкамланган ёрлиқда маҳсулотни тайёрлаган ташкилот, ишлаб чиқарилган санаси, таркиби, чорвачиликнинг қайси тури, йўналиши ва чорва молларининг ёши учун тайёрланган, яроқлилик муддати ва сақлаш шароитлари кўрсатилиши лозим.