27 апрель куни Тошкент архитектура қурилиш коллежида талабалар орасида қуруқ қурилиш бўйича касб маҳорати 5-ҳудудий танлови бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистондаги КНАУФ ва ЎМКТ Марказидир. Ушбу танловни ўтказишдан мақсад – ишчи касбларни оммалаштириш ва мутахассислар касбга оид тайёрлови даражасини оширишни қўллаб-қувватлашдир.

Танлов якунларига кўра, биринчи ўринни Марғилон қурилиш касб-ҳунар коллежи жамоаси эгаллади. Ғолиб жамоа Украинада бўлиб ўтиши кутилаётган маҳорат халқаро танловида иштирок этади. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса Бухоро вилоятининг Жондор қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ва Тошкент архитектура қурилиш касб-ҳунар коллежлари вакиллари эгаллашди.
Танловда иштирок этиш учун икки иштирокчи – ўрта профессионал ўқув муассасанинг 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган ўқувчилари ҳамда битта ҳамроҳ шахсдан ташкил топган жамоалар қабул қилинади. Бунда ғолиб 1-ўринни қўлга киритади, совриндорлар эса 2- ва 3- ўринларни эгалашади. Ϝолиб ва совриндорларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.
Танлов технологиялар ва қатор қўшимча мезонларга амал қилиб бажариладиган ишларни баҳолаш билан борадиган, назарий ва амалий топшириқларни бажаришни кўзда тутувчи юзма-юз мусобақа саналади.
Тадбир доирасида “КНАУФ ГИПС” МЧЖ Марказий таълим бўлимининг Россия бўйича бўлинмаси раҳбари Парикова Е.В. иштирокида конференция ўтказилди.

“Йилдан йилга КНАУФ танловларига қизиқиш ортиб бормоқда. Иштирокчиларнинг тайёргарлик даражасида сезиларли ўсиш, маҳоратларини кўрсатишга бўлган самимий уринишлар ва жамоавий ишга ҳаяжон билан ёндашаётганликларини кўришимиз мумкин. Қурилиш соҳасида оммавий уринишлар ва ёш мутахассисларни оқилона рағбатлантириш орқали яқин келажакда юқори натижаларга эришишимиз мумкин”, - дейди КНАУФ Ахборот ва маслаҳат маркази раҳбари Санжар Атаев.
Танлов қатнашчилари юқори даражадаги назарий ва амалий тайёргарлик, касбий маҳоратлари, меҳнатнинг юксак маданияти, касбий атамалар бўйича билими, замонавий қурилиш тезнологияларини амалда қўллай олиш маҳорати, шу жумладан асбоблар ва материаллардан фойдалана олиш ва меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш кўникмаларини кўрсата олишлари лозим.


















