Охирги пайтларда интернет саҳифаларини кузатишдан, унда бериладиган жиноятлар ҳақида ўқишдан, одамларнинг бир-бири билан тортишиб, шахсиятига лой чаплашидан чарчадим.

Узоқ ўтмишни билмадим-у, аммо мустақиллик даврида  - бундан бор-йўғи 5-6 йиллар муқаддам оилавий низо, қотиллик ёки  талончилик ҳақидаги хабарлар онда-сонда қулоққа чалинарди. Замоннинг зайлини қарангки, бугунги  кунда ташландиқ чақалоқ, болафуруш она, падаркуш фарзанд ёхуд...Бу жумлаларни ўқиб, этингиз жунжикади, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Қачон бунчалар ваҳшийлашишга улгурдик экан, ўзи бизга нима етишмаяпти, деб ўйланиб қоласан киши.

Бугун дунё бозорида ҳамма нарса, ҳатто, меҳр ҳам сотилади. Тўғри, ундай меҳрда самимият бўлмаса-да, унинг ҳам бозори бор. Баъзан мункайиб, белидан қувват, танидан соғлиқ ариган ва бир неча фарзандни ўстирган ота ёки отани улардан бирортаси, ҳа лоақал бирортаси парвариш қилолмайди. Хотиржамлигини ўйлаган ҳолда бир инсонни қаровчиликка ёллайди. У ота-онанинг атрофида гирдикапалак бўлса-да, аммо унинг бирор ҳаракатида самимият сезилмайди, меҳрлар ҳам шунчаки юзаки. Аммо онанинг меҳри ҳамиша ҳаққоний, уни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Ҳар ҳолда биз шу кунгача шундай деб ҳисоблаганмиз...Аммо, орамизда бемеҳр, фарзандининг қадрини пул билан ўлчайдиган, тўққиз ой вужудида сақлаган жонни буюмдек сотадиганлар ҳам бор.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Шу йил февралининг айни изғирин кунида Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Андижондаги постларидан бирида 23 кунлик чақалоқ олди-сотдиси амалга оширилаётганлиги ҳақида аниқланди. Марҳаматлик аёл ўз онаси (яъни чақалоқнинг бувиси билан бирга) Булоқбоши туманида истиқомат қилаётган аёлга ўз фарзандини салкам 5000 долларга (4.500 АҚШ доллари ва 4 млн. сўм олинган) сотаётганда далилий ашёлар билан бирга қўлга олинган. Энг ёмони савдо пишгунича, болакай совуқда онаси билан анча тентираган, митти қўллари совқотиб, юзлари қизарган. Наҳотки, у бошқа болалар сингари совуқни  иссиққина уйда, онасининг меҳр тафти ила қаршилашга ҳақли эмасди. Унинг қадри бир сиқим долларга тенгмиди?

Ҳа, бу бир мисол-да. Орамизда шундай инсонлар ҳам учраб туради, дерсиз. Шукрки, юртимизда бундай инсонлар кам, аммо йўқ деёлмаймиз.

Яқинда телеграмдаги каналларнинг биридан бир видеони юклаб олдим. Мақолани ёзиш асносида тасвирдаги воқеалар кўз олдимда гавдаланди.

Дарёда кийик боласи сузиб бормоқда, онаси хавфни сезиб, катта тезликда унинг ортидан сузди. Кутилмаганда тасвирда тимсоҳ пайдо бўлди. Она ҳаракатдан тўхтади, йиртқичнинг йўлини тўсиш, боласининг қирғоққа етиб олиши учун ўзини қурбон қилди. У она эканлигини исботлай олди.