Талаб бўлган жойда доим таклиф ҳам бўлади. Мобил алоқа бизнесини Жанубий Осиё аҳолисининг энг ночор қатламлари ҳам фойдаланадиган қилиб йўлга қўйиш мумкинми? Тажриба бунинг мумкин эканини кўрсатмоқда. Forbes Ҳиндистоннинг энг бадавлат кишиси қандай қилиб мобил алоқа бизнесини йўлга қўйгани ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Ўтган йил охирида Ҳиндистоннинг энг қиммат компанияси ҳисобланган Reliance Industries'нинг 50 минг ходими ва дўстлари қирқинчи Оила йилини нишонлаш учун Мумбайдаги 40 км'ли стадионда йиғилди. Яна 200 минг киши шоуни томоша қилиш учун видеоалоқа орқали уланди. Шоуда Ҳиндистон киноси мегаюлдузлари Амитабх Баччан ва Шоҳрух Хон, қўшиқчи Сону Нигамлар иштирок этишди. Корпоратив ранг-баранг мушаклар ва банкет билан якунланди. Бироқ байрамнинг ҳақиқий юлдузи Reliance компанияси директорлар кенгаши раиси ва энг йирик акциядори Мукеш Амбани бўлди (Forbes рейтингида 40,1 млрд доллар билан 19-ўринда жойлашган).

"Reliance дунёнинг етакчи 20 компанияси қаторига қўшила оладими?", - дея қичқирди у оммага қараб, улар чироқларини кўтарганча, аренани "чироқлар тўлқини"га айлантириб, "Ҳа, қўшила олади!", дея жавоб беришди.

Амбанининг ўз олдига қўйган мақсадлари катта, у шу кунгача жуда кўп нарсаларга эришди. Reliance — дунёнинг энг йирик компаниялари орасида ҳозирча 106-ўринни эгаллайди, ўтган йили компания даромади 4,6 миллиард долларни ташкил қилган, сотувлар ҳажми эса - 50,9 миллиард доллар. У нефть-газ секторининг асосий ўйинчиси, дунёнинг энг йирик нефтни қайта ишловчи заводлари унга тегишли. Бироқ у шунингдек соғлиқни сақлаш, тўқимачилик саноати ва телекоммуникация соҳаларида ҳам ўз бўлимларига эга Ҳиндистоннинг энг йирик ретейлери. Унинг Network18 шўъба корхонаси CNBC, CNN, MTV ва Nickelodeon (телевидение), Paramount Pictures (кино) ва Forbes (матбуот) каби Ғарб брендлари билан ҳамкорлик қилади.

Шундай бўлса-да, ҳозирги кунда Амбанини Jio'га киритилган 33 миллиард долларлик инвестиция кўпроқ қизиқтирмоқда. Jio - бир ярим йил ичида 160 миллион мижозни жалб қила олган кенг полосали 4G-интернетни тақдим этувчи сервис. Jio мижозларининг ярмидан кўпи илк ярим йилда, яъни Reliance сотувларни рағбатлантириш мақсадида сервисдан бепул фойдаланишни таклиф қилганида сервисга қўшилган. Улар сервисда қолишди, чунки Jio мамлакат ичидаги қўнғироқлар учун пул олмасликка ваъда берди ва маълумотларни етказиш учун ўта паст тарифларни таклиф қилди. Мижозлар базасининг шиддат билан ўсиши акцияларнинг 2017 йилда 70 фоизга қимматлашишига олиб келди ва Амбанининг молиявий ҳолатига 16,9 миллиард доллар қўшди. Таҳлилчилар "Jio эффекти" ҳақида сўзлай бошлашди.