Профессионал боксда фаолиятини бошлаган ўзбекистонлик икки боксчи Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев яқинда иккинчи жангини ўтказишди ва иккала боксчи ҳам ғалабани қўлга киритишди.

Спортчилар Тошкентга қайтиб келгач, KUN.UZ‘га эксклюзив интервью беришди. Боксчилар профессионал боксдаги фаолияти, ўтмишдаги қийинчиликлар, олдига қўйган мақсадлари ва режалари ҳақида батафсил гапириб берди.

Youtube.com'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

— Ҳаваскор бокс ва профессионал бокс ўртасида қандай фарқни кўрдингиз? 

Шаҳрам Ғиёсов: —Ҳаваскор боксдан профессионал боксга ўтиш анча қийин деса ҳам бўлаверади. 12-13 йил давомида бокс билан шуғулланиб, турли мусобақалар — Осиё, Жаҳон чемпионати, Олимпиада ўйинларидаги иштирокимиз орқали профи-боксга жуда осон мослашиб кетамиз деб ўйлагандик. Лекин хато ўйлаган эканмиз. Чунки профессионал бокс бу бутунлай бошқа дунё экан. Чунки бу ерда сен 3 раунд уришиб, бирданига очколарни кута олмайсан. Бу ерда камида 6, кейинчалик 8 ва 10 раунд, чемпионлик учун 12 раундгача жанг қилишингга тўғри келади. Машғулотларда ҳам жуда катта фарқ бор. 

Ҳозирда АҚШдаги мураббийимиз асли мексикалик Жоэл Диас жуда кўплаб чемпионларни етиштириб чиқарган. У ерда эрталабдан-кечгача машғулотлар ўтказамиз. Ҳаваскор боксда бир кунда 3 соат шуғулланган бўлсак, у ерда 6-7 соатлаб тинимсиз машғулотлар олиб борилади. Энг қийин тайёргарлик жараёнлари бу спарринг жангларида бўлади. Унда 10-12 раундлаб жанг қиламиз. АҚШда спарринг жанглари бу машғулотларнинг чигалёзди, яъни бошланиш пайтини билдиради. Ҳаваскор боксда биз машғулотларни спарринг жанглар билан тугатсак, у ерда машғулотлар айнан 10-12 раундлик жанглар билан бошланиб кейин, машқлар бошланади. Профессионал бокс менга нимани ўргатди деб сўрашса, биринчи навбатда чидамлиликни ўргатди, деган бўлардим.

Муроджон Аҳмадалиев: — Профессионал боксга ўтиш менга у қадар қийинчилик туғдиргани йўқ. Тўғри ўзига яраша қийинчиликлари бор эди, аммо мен янги йўналишга тайёр бўлиб боргандим. Албатта машғулотларда катта фарқ бор. Шаҳрам айтганидек улар ўзгача ва жуда узоқ бўлади. Жангларга чиқиш қийин эмас, айнан машғулотлар жуда мураккаб бўлади. Чунки жангда айнан машғулотларда ишланган, ўзингиз бажариб кўрган ишларни бажарасиз. Машғулотлардаги қийинчиликлар сабаб, жангда осон бўлади.