Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди.

Тадбирда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари ҳам қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари кўп асрлар давомида халқлар, маданиятлар ва савдо йўлларини бирлаштириб келган шаҳар – Самарқандда муҳокама қилинаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, бу, энг аввало, АҚШ президенти Доналд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови туфайли экани қайд этилди.

Мустаҳкам сиёсий шериклик асосида иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бу борада қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришга салмоқли ҳисса қўшаётган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши алоҳида ўрин тутади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Иқтисодиёт ўсиб бормоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда, иш ўринлари яратилмоқда, ёшлар учун таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда.

Шу билан бирга, саноатни янада ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш учун инвестициялар жалб қилиш жараёни илғор технологияларни жорий этиш, билим ва тажриба алмашиш билан бирга олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.

Бу борада АҚШ бизнеси билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажриба тўплангани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар билан саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон компаниялари ҳам АҚШ иқтисодиётига инвестиция киритишни бошламоқда.

Муҳим минералларни ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий ва барқарор энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда рақамли ечимларни жорий қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди.