18:20 / 10.05.2018
27888

Исроил 2 соат давомида Сурияни бомбардимон қилди

Фото: Reuters

Эронлик ҳарбийларнинг Голан тепаликларига ҳужумига жавобан Исроил армияси Сурия ҳудуди бўйлаб ҳаво зарбалари берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилган.

Бомбардировка маҳаллий вақт билан соат 01:45дан соат 03:45гача давом этган.

«Ҳужумда Исроилнинг F-15 ва F-16 русумли самолётлари иштирок этиб, Суриянинг турли ҳудудларига «ҳаво-ер» типидаги 60та ракета йўллаган. Исроил ҳудудидан туриб, 10 мартадан ортиқ «ер-ер» типидаги тактик ракеталар учирилган», — дейилган ҳарбий муассаса хабарида.

Қайд этилишича, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарнинг ярмидан ортиғини тўхтатиб қолган.

Ракеталар Эрон ҳарбий бўлинмалари жойлашган ҳудудлар, шунингдек, Дамашқ яқинида ва Сурия жанубида жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари объектларига амалга оширилган.

Ҳужумлар натижасида Сурия Араб республикаси армиясининг 3 нафар аскари ҳалок бўлган. Шунингдек, радар станцияси яксон этилган, омборхоналар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир қанча техникалари йўқ қилинган.

10 май кунига ўтар кечаси Исроил ҳукумати эронликларнинг «Қудс» ҳарбий бўлинмаси Сурия ҳудудидан туриб, Голан тепаликларидаги исроилликларнинг базаси томонга 20та ракета учирганини маълум қилганди. Исроилликлар бу ҳаракатни Эроннинг агрессияси сифатида баҳолаган ва Сурия ҳудуди бўйлаб жавоб зарбалари амалга оширганди.

Top