Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ишлаб чиққан “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси” лойиҳаси аҳоли эътиборига ҳавола этилганидан буён кенг муҳокама қилинмоқда. Концепцияни ишлаб чиқишга нима сабаб бўлди?
Бу саволга жавоб беришдан олдин пенсия таъминоти тизими нимага хизмат қилишига тўхталиб ўтсак, деб ёзади ЎзА.
Бу тизим меҳнатга лаёқатсиз ва кам таъминланган фуқароларнинг турмушини таъминлашга йўналтирилган иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий характерга эга бўлган қатор чора-тадбирлар комплексини назарда тутади.
Ушбу тизим 3,3 миллиондан ортиқ фуқарони қамраган. Бу мамлакат аҳолисининг тахминан 10 фоизи, демакдир. Бунда ёшга доир пенсия олувчилар – 2 502,6 минг, ногиронлик пенсияси олувчилар – 360,3 минг, боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олувчилар – 168,5 минг ва ижтимоий нафақа олувчилар – 294,1 минг нафарни ташкил этади.
Демографик башоратларга кўра, 2018-2025 йилларда пенсия ёшидаги аҳолининг улуши (1,2 миллион кишига) ошиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Пенсия жамғармаси харажатларининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади.
Фуқаролар пенсия таъминоти тизимининг асосий кўрсаткичларидан бири пенсия ёши ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунёда ўртача пенсия ёши эркаклар ва аёллар учун 62 ёш бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 57,5 ёшни ташкил этади (аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёш).
Фуқароларнинг ижтимоий суғурта тизимида узлуксиз ва узоқ муддатли иштирокини рағбатлантириш механизми мураккаб ва шаффоф бўлмасдан қолмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли 60 фоиз (қарийб 17 миллион киши)ни ташкил этса, тахминан 10,2 миллион киши давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинмаган. Яъни, улар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ижтимоий ажратмаларни амалга оширмаяпти.
Халқаро меҳнат ташкилоти талабларига мувофиқ, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими барқарор ривожланиши учун бадал тўловчилар сонининг пенсия олувчиларга ўзаро нисбати 1:4 даражада бўлиши керак. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача 1:1,5 га тенг.
Таъкидлаш жоизки, пенсионерлар сонининг ишловчи аҳолига нисбати 2009 йилдаги 61 фоиздан 2017 йилда 66 фоизга ўсган.
Пенсия жамғармаси маблағларининг сезиларли қисми имтиёзли пенсияларни молиялаштиришга сарфланади. Имтиёзли шартларда тайинланган пенсиялар улуши 592,4 минг кишини ёки жами тайинланган пенсияларнинг 19,5 фоизини ташкил этиб, шундан ёшга доир пенсиялар 23,7 фоизни ташкил этади. Йилига ўрта ҳисобда 39,8 мингта имтиёзли пенсия тайинланмоқда.

















