​Американинг буюк Президенти Жорж Вашингтон шарафига номланган шаҳар аҳоли сони бўйича АКШда 27 ўринда туради. АҚШга парвоз вақтида Вашингтон анча салқин бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Лекин бизни илк ҳайратлантирган нарса Вашингтондаги офтоб бўлди. Қуёш тафти тўппа-тўғри манглайни қиздириш даражасида уриб турибди. Ҳаво иссиқ. Бамисоли ўзимизнинг чилла офтобига ухшайди. Офтобдан кейин бирпасда ёмғир қуяди, худдики шакароб сув сепган каби. Шунинг учун дарахтлар ўт-ўланлар ям-яшил. Кўчаларда чанг деярли йўқ.

АҚШнинг машҳур Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарлари бир биридан фарқ қилади. Нью-Йорк океанга яқин, шунинг учун намлик юқори, автомобиллар кўп ва тирбанд бўлишига қарамай, зерикмайсиз. Шунингдек, у осмонўпар иморатлар шаҳри ҳам. Ва анчайин шовқин. Бинолар зич ва шаҳар тирбанд. Вашингтон эса бирмунча шинам ва сокин шаҳар. Лекин бу ерда ҳам ҳаёт тарзи шиддатли. Шундай бўлса-да Нью-Йоркка нисбатан ўзингизни бироз енгил сезасиз. Хавоси енгил, шабада эсиб туради. Барча идора ва дўконлар, умуман ҳамма бинолар атрофида гуллар экилган. Барча ташкилотлар, айниқса бизнес сектордагилар “мижоз чақирувчи” дизайнерларни ишга олиш урфга кирган. Албатта, Вашингтондан кутганим осмонўпар бинолар эди. Аммо, бу шаҳарда улар жуда кам экан. Вашингтон атрофида асосан 2 ва 3 қаватли иморатларни учратасиз. Улар ёғоч ва пластик каби енгил қурилиш материалларидан барпо қилинган.

Америкада энг катта муаммо – автотураргоҳ (парковкалар)нинг етишмаслиги. Бу муаммога сафаримизнинг илк кунларидаёқ биз ҳам дуч келдик. Катта кўчада турган эдик, ҳайдовчимизга 50 доллар жарима белгиланди. Полиция ходими худди кинолардагидек чек ёзиб берди, биз учун ноодатий ҳолат ҳеч ким қўл силтамади ва баҳслашмади хам. Бинолар атрофидаги паркинг хизмати 10 доллардан 25 долларгача.

Фото: Шерзод Қудратхўжаев

Америка – орзулар мамлакати....

Орзу - америкаликлар учун энг муҳим тушунча. Ва бу оддий ҳиссиёт эмас, балки мамлакатда қадриятга айланган . Улар биз каби “Орзуга айб йўқ” дейишмайди. Улар орзуга ишонишади. Америкада машҳур актёр ёки миллиардер, ҳатто президент бўлиш ҳам оддий орзу. Фақат бошқа халқлардан фарқи- улар ўз орзулари учун курашадилар, шу ғоя учун жонларини фидо қиладилар.

Америка – эмигрантлар мамлакати ҳам. Унинг қудрати ҳам шунда. Хизмат кўрсатиш соҳасида Эфиопия, Гана, Украина, Тунис ва Африка мамлакатлари фуқароларини кўп учратасиз. Лекин ҳамма бир хилда - хушмуомала ва сертакаллуф. Миллати ва эътиқодидан қатъий назар ҳамма муомала борасида, гуёки бир хил қиёфали инсонларга ўхшайди. Бу ерда жуда кўп нарсани табассум ва очиқдан-очиқ хушомад ҳал қилади.