«Сэр Алекс дастлаб мени эндигина қадам босаятган гўдакка ўхшатган, кейинроқ эса, болакай юришни бошлади, деди»

Фото: Dailymail

Испания терма жамоаси базасидаги компьютер экранида Давиднинг «МЮ» таркибидаги дебют учрашувидаги лавҳалар кетмоқда. Ўшанда «Манчестер» «Ҳоторнс»да 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, 20 ёшли дарвозабон учун эса ўзига, хос янги ҳиссиётлар бошланаётганди.   

«Вест Бромвич» ҳужумчиси Шейн Лонгнинг унчалик ҳам хавфли бўлмаган зарбаси унинг қўллари орасидан дарвозага кириб кетганди. Премьер-Лигада эндигина ярим соат ўйнаган дарвозабонга рақиб мухлислари «тешик девор» деб лақаб қўйишди, «Спорттсмэйл» колумнисти Жейми Реднапп эса, Давид ҳали «ўз формасига яраша ўсиб улгурмаган» деб ёзди. Жуда аниқ баҳо.

Албатта, ундан ҳам баттар сарлавҳалар ҳам бўлган, Давид ўша кунларни жуда оғир бўлганини тан олади. «Вест Бромвич» футболчилари нозиккина испан йигити дарвозада у қадар ишончли эмаслигини тезгина пайқадилар ва юқорилатиб жарима майдонига тўп узата бошладилар. «Мен ўша тўпларга тегиниш учун ҳам ҳатто, жисмоний томондан кучим етмади. Бақувват рақиб футболчиларига яқинлаша олмасдим, улар осонлик билан мени четга суриб ташлардилар. Мен ўзгаришим кераклигини билдим, аммо бунинг учун вақт ва тажриба лозим бўларди» - деб эслайди Де Хеа. 

«Бу осон эмасди. Янги мамлакат, янги жамоа, бегона тил. Мен жуда ёш эдим. Бу ёшда кўп тенгқурларим эндигина университетга қабул қилинишарди, мен эса, шундай одамлар ичига тушиб қолгандимки, улар нафақат мавсумда ёки бирор ўйинда ғалаба қозониш, балки машғулотлардаги ҳар бир курашда ғалаба қозонишни ўйлардилар.

Рио Фердинанд, Видич, Эвра - бизда жуда тажрибали ва машҳур ҳимоячилар бор эди. Эсимда, Рио ва Падди менга «сен ҳали жуда ёшсан, тўғри, лекин бу ер «Манчестер Юнайтед» ва бу ерга энг яхшиларни қабул қиламиз» дегандилар.

Сэр Алекс Фергюсон тимсолида Де Хеа ҳақиқий суянчга эга бўлди. 2011 йилда жамоани тарк этаётган Ван Дер Сарга ўринбосар сифатида кўрилган ёш дарвозабонни кузатиш учун у аввалига дарвозабонлар мураббийи Эрик Стилни жўнатди. Стил дарвозабоннинг 20дан ортиқ ўйинини кузатгач, Фергюсоннинг ўзи шахсан Испанияга борди.

Айтишларича, ўша кунгача Фергюсон фақат икки марта «Манчестер Юнайтед»нинг ўйинини ўтказиб юборган экан. Биринчиси, 2000 йилда ўғлининг тўйи туфайли Манчестер дербисида қатнашмаган, ундан олдингиси эса, 1998 йилда оиладаги йўқотиш туфайли «Мидлсбро»га қарши сафар ўйинига бормаган. У учинчи марта, 2010 йилда «МЮ» нинг Лига кубогидаги «Скантроп»га қарши ўйинини ташлаб, «Валенсия» - «Атлетико» баҳсини стадиондан кузатди.