Ўзбекистон | 00:46 / 15.05.2018
9153
3 дақиқада ўқилади

«Бир макон, бир йўл»​: ​Марказий Осиё​ иқтисодиёти ўсиб боришига имконият мавжуд

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 14 май куни Тошкентда «​Ўзбекистон ва Хитой: «Бир макон, бир йўл» ташаббусини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари»​ мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Анжумандан кўзланган асосий мақсад - «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Шанхай ижтимоий фанлар академияси тадқиқотчиси Жао Лонгнинг Kun.uz'га маълум қилишича, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси Хитойдан ташқари, қолган давлатларга ҳам фойда олиб келади.

«​Мазкур лойиҳа мега кўламда бўлиб, барчамиз учун тарихий аҳамиятга эга. Биз барчамиз, хусусан Хитой ҳам ташаббусга ички манфаатларидан келиб чиқиб ёндашмоқда. Шошмаслик лозим, ҳамкорлигимиз мустаҳкам бўлиши учун муносабатларнинг барча жиҳатига эътибор қаратамиз. Мақсад ва вазифаларни қисқа муддатли, шунингдек узоқ муддатли кўринишда гуруҳларга ажратиш керак.

Менимча, мазкур ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари учун иқтисодий кўрсаткичларини бир неча баробар ошириб олишга имконият беради.

Биргина Ангрен-Поп йўналишидаги темир йўл қурилиши - ташаббус нафақат Хитойга, балки Марказий Осиёга ҳам фойдали эканини билдиради»​, дейди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Хитойнинг етакчи тадқиқот марказлари раҳбарлари ва экспертлари, хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги доирасида транспорт-коммуникация, савдо, иқтисодиёт, сайёҳлик, илмий-маърифий соҳалардаги устувор вазифалар ва истиқболларга оид масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун, «Бир макон, бир йўл» - Хитойнинг халқаро ташаббуси бўлиб, у Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақаларида жойлашган 60дан ортиқ мамлакатларни боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ва янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган. Ушбу давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини, глобал энергия заҳираларининг 75 фоизини ўзида жамлаган. 2013 йилдан буён Хитой «Бир макон, бир йўл» доирасида хорижий мамлакатлар иқтисодиётига 50 миллиард доллар сармоя киритди. Пекин 900та инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун 890 миллиард доллардан зиёд маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид