Халқ мақолини ўзгартирдим, чоғи?.. Шунақа бўлиб қолди-да... Ҳарқалай, «Бозорга бодринг чиқдими, турпга ҳожат йўқ» дея янги ҳикмат тўқимадим-ку?
Яна ўша сабзавот ва мева экспортидаги муаммолар ҳақида гаплашамиз. Ёдингизда бўлса, «KUN.UZ» сайти шу ой бошида соҳадаги маълум муаммолар туфайли Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида сабзавотлар чиқиндига ташланаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мақола эълон қилингач, ОАВда мазкур мавзуга доир жуда кўп чиқишлар гувоҳига айландик.
Бизни ҳайрон қолдиргани, «Ўзагроэкспорт» ташкилоти мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун деҳқон ва экспортёрлар томон қадам босиш ўрнига, айни пайтдаги ҳолат жуда яхши эканлигини уқтиришга ҳаракат қилганида бўлди. Мақоладан мақсад - деҳқон ва экспортёр билан «Ўзагроэкспорт»нинг орасини бузиш эмас, балки муаммони кўтариб, икки томон учун манфаатли келишувга эришиш бўлганди.
Қуйида, айни пишиқчилик олдидан экспорт билан бўлаётган можаролар ҳақида гаплашамиз.
Олтиариққа «Ўзагроэкспорт» келди, кўрди, эшитди, кетди..
Аввалги мақола «ўргимчак тўри» юзида тарқалгач, олтиариқлик «турп сақлаб чўнтаги куйган» икки экспортёр Бекзод Раимов ва Ўткир Ҳамдамовга «Ўзагроэкспорт»дан қўнғироқ бўлади. «Турпингизга харидор бор. Сақланаётган жойидаги ва маҳсулотнинг кесилган ҳолатдаги суратларни жўнатинглар» дейилгач, икки ҳамкор музлатгичга бориб, мазкур талабни бажаради.
Эртасига, юртда етиштирилган сабзавот ва мева-чеваларнинг экспортига маъсул бўлган ташкилотдан 9 нафар киши Олтиариққа келади. Улар орасида «Ўзагроэкспорт» раҳбар ходимлари, маркетолог ва нарх белгиловчи масъул шахслар бор эди. Экспортёрлар уларга музлатгичга қўйилган турпни кўрсатишади. Кейин билишса, уларнинг орасида харидор йўқ экан. Уч соатлик суҳбат давомида экспортчилар «Ўзагроэкспорт»дан 50 тонна турпга харидор топишда ёрдам беришини сўрайди. «Юқори» ташкилот эса бунинг иложи йўқ эканини айтган.

«Мутасаддиларга харидор топишнинг иложи йўқ бўлса, ваколатларинг доирасида ёрдам керак. Турп нархини тушириб беринглар, дедик. Олтиариқда ўзим таниган ва айни пайтда музхонада турп сақланаётган бошқа экспортчиларнинг ҳам телефон орқали дардини эшиттирдик. Улар бизга: «Озиқ-овқат вазирлигига, турпнинг нархини тушириб беришингизни сўраймиз, деган мурожаатнома ёзиб беринглар» дейишди. Шунда биз вакилларга: «Вазирликка ўзимиз ёзиб жўнатаверамиз, сизларнинг бизга нима фойданглар тегиши мумкин? Мана кўриб турибсизлар - музхонада маҳсулот ётибди, бошқа музхоналарда ҳам бор. Турпни мен деҳқондан 350 сўмга олганман. Уни қоплаб, транспорт харажати қилиб, музлатгичга олиб келишим билан 450 сўм бўлди. Беш ой музлатгич омборда сақлаш учун килосига 50 сўмдан тўладим. Ҳозир шу турпнинг таннархи 700 сўм. Лекин харидор йўқ. Сабаби, тоннасига 175-228 доллардан нарх белгиланган. Ахлатга ташлаш ўрнига зарарига 300 сўмдан сотаман деганлар ҳам бор. Ўзларингда харидор йўқ бўлса, барча билан суҳбатлашиб, ўртача нархни белгилаб берсаларинг, харидор топиб сотар эдик» деганимиздан сўнг улар кетишди. Бироқ ўзгариш йўқ. Турпга белгиланган нарх эса ўшандай турибди», дейди Бекзод Раимов.

















